Қачон кириб бормайлик, бу ердаги оқ халатли шифокорлар хушмуомалалик билан кутиб олишади. Айниқса, Эркинжон Парпиев, Уминисо Икромова, Нафиса Холматова сингари умумий амалиёт врачлари меҳрибонлик кўрсатишади. Аҳволимизни синчиклаб текшириб, зарур дори-дармонлар буюришади. Кундузги даволанишга имконият яратишади.

Катта ҳамшира Масоҳат опа Набижонова муолажалар ўз вақтида ўтказилиши учун астойдил қайғурадилар. Насиба Мусаева билан Наргиза Хушматовадек ҳамширалар эса беморларни интенсив даволашнинг жуда ҳадисини олишган. Тиллари ширин, қўллари енгил.

Бу ерда доя Бодомхон Азимова хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза опа Йўлдошева билан ҳамкорликда аёлларнинг энг яқин маслаҳатгўйига айланишган. Саломатлик тўғрисидаги қимматли йўл-йўриқ ва маслаҳатларини сира-сира аяшмайди.

Қишлоғимиздаги "Тез ёрдам" хизмати шахобчаси жамоаси ҳам одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон, дардини енгил қилиш ҳаракатида. Энг муҳими, бирор чақирув эътибордан четда қолмайди, кечикишга йўл қўйилмайди.

Барчага бирдай меҳрибон шифокорлар бор экан, кўнгилларимиз тўқ ва хотиржам бўлаверади. Ҳамқишлоқларимиз соғу саломат элу юрт равнақи йўлида меҳнат қилишаверади.

Адолат БАДРИДДИНОВА.