Сил, безгак. Шу икки хасталик асрлар давомида инсониятни бир неча бор оғир синовни бошдан кечиришга мажбур қилди. Ўтган асрнинг охирги чорагида булар орасига яна ОИТС деб номланган одамкуш касаллик ҳам келиб қўшилди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатлар миқёсида иш олиб бораётган саломатлик муассасалари билан биргаликда бир неча давлатда безгак балосига барҳам беришга эришди. Шу жумладан Ўзбекистонда ҳам. Аммо, ОИТС ва силга қарши кураш ишлари ҳамон долзарб бўлиб турибди. Миллионлаб одамлар ушбу оғир хасталиклар туфайли ҳаётдан кўз юммоқдалар.

Яқинда республикамизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотларнинг эксперт гуруҳи аъзолари вилоятимизга ташриф буюриб, аҳоли ўртасида ОИТС ва сил касалликларига қарши кураш борасида амалга ошрилаётган ишлар кўлами билан танишдилар. Улар икки кун давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва силга қарши кураш диспансерида йўлга қўйилган ишлар ҳолатини ўргандилар. Наманган шаҳридаги «Шедевр Плаза» меҳмонхонаси мажлислар залида бўлиб ўтган давра суҳбатида Глобал Жамғарма лойиҳа ижрочилари, ташкилотлараро эксперт гуруҳи аъзолари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи А. Абдуллаев, вилоят силга қарши кураш диспансери бош врачи ўринбосари И. Ворисов ОИТС ва сил касалликларига қарши кураш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва муаммолар тўғрисида сўзладилар. Халқаро эксперт кенгаши котибияти менежери Д. Авазова хасталиклар профилактикаси доирасида қилиниши зарур бўлган вазифаларга тўхталди. Эришилган ютуқларни эътироф этган ҳолда мавжуд камчиликлар бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Давра суҳбатида вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси И. Қўчқорова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У. Ботиров иштирок этдилар.

М. АКМАЛОВ.