Наманган шаҳридаги "Наманган S" меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил қилинган уч кунлик ўқув курслари "Хавф­сиз иммунизация"га бағишланди. Тадбирда вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг иммунолог, эпидемиолог, инфекционистлари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникалари умумамалиёт шифокорлари ва педиатрлари қатнашдилар.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази педиатри Дилфуза Болтабоева, вилоят ДСЭНМ бўлим мудири Шерзод Латибжонов, Наманган шаҳар ДСЭНМ бўлим мудири Ойдина Икромова, Наманган шаҳар 1-оила поликлиникаси иммунологи Маҳмуджон Қодирхўжаевдан иборат тренерлар гуруҳи эмлаш календарига 2019 йилдан одам папилломаси вирусига қарши вакцинанинг амалиётга тадбиқ этилаётганлиги муносабати билан унинг қўлланилиши бўйича ҳам мутахассисларга тегишли маълумотлар, тавсия ва кўрсатмалар бердилар.

- Мазкур вакцинани қўллаш эмлаш тақвимига мувофиқ ноябрь ойидан 9 ёшли қизлардан бошланади, - дейди тренер Дилфуза Болтабоева. - Бепул вакцинанинг энг аҳамиятли томони шундаки, келгусида хотин-қизларимизда бачадон бўйни ракининг олди олинади.

М. ЭРГАШЕВА.