Шу йил 30 июнь - Ёшлар куни косонсойлик Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов учун қўшалоқ шодиёнага айланиб кетди. Боиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қарорига биноан "Мард ўғлон" Давлат мукофотига сазовор бўлган навқирон авлод вакиллари рўйхатида унинг номи ҳам қайд этилган эди. Йигирма уч ёшли йигитнинг бундай эътирофга лойиқ топилгани  замирида тинимсиз машқ­лар, шиддатли "жанг"лар ва қарийб ўн бир йилдан буён босқичма-босқич қучиб келинаётган юксакдан юксак зафарлар машаққати ётибди, десак асло муболаға эмас. Булар ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилсак, сиз ҳам фикримизга беихтиёр қўшиласиз, албатта.

Муҳаммадсиддиқ спортчи ва шифокор оиласи фарзанди. Отаси Қаҳрамон Аҳмедов "Шотокан каратэ-до" ассоциацияси бўлинма раиси, онаси Жамила Салоҳиддинова 1994 йилда тиббиёт билим юртини тугаллаб, ҳамшира сифатида кўп йиллардан буён косонсойликларнинг соғлигини сақлаш борасида фаол хизмат қилиб келмоқда. Оила раҳнамолари аввалдан ўғилларининг келажагини спортда кўришиб, ҳеч янглишишмаган экан. Ота-она рағбатлари, қўллаб-қувватлашлари сира-сира зое кетмади. Муҳаммадсиддиқни Наманган муҳандислик-технология институти қошидаги 2-академик лицейда (2012 - 2015 йиллар) ўқитишиб, фарзандлари ҳам ақлий, ҳам жисмоний етук инсон даражасига кўтарилиши учун барча зарур шароитларни яратиб қўйишгани туфайли у чинакамига баркамоллик касб этди. Устозлари етовида спорт соҳасида маҳорат сабоқларини эгаллади. Машқларда чиниқди, курашларда тобланди. Академик лицейда ўқувчиллик пайтининг дастлабки йилиёқ Ўзбекистон кубоги мусобақасида 1-ўринни эгаллаган бўлса, кейин 1-ДАН қора белбоғи соҳиби бўлди, мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.

Кучли ва чаққон йигит Япония, Туркия, Косова, Альбания ва Грузия давлатларида уюштирилган хал­қаро мусобақаларнинг совриндорлари сафларига қўшилди. Жаҳон чемпионатларининг беш карра чемпионига айланди.

Бугун Муҳаммадсиддиқнинг олган олтин, кумуш ва бронза медаллари шода-шода. Улар ҳамиша музаффарликка интилганининг, ҳамиша "рақиб"ларидан устун келганлигининг, каратэда бағоят юқори маҳоратга эгалигининг  ёрқин ифодасидир.

У ўзи ёш бўлишига қарамай, айни чоғда  устозларидан мураббийлик маҳоратини  тинмай ўзлаштириб борди. Болаларга каратэ сиру синоатлари сабоғини бера бошлади. 2016 йили вилоятда "Йилнинг энг ёш спорт мураббийси" номинацияси бўйича ғолибликка эришди. Республикада эса, "Энг тажрибали спорт мураббийси" эътирофига сазоворланди.

Бирор йил йўқки,  Муҳаммадсиддиқ жанг майдонида ғолиблик нашъасини сурмаган бўлсин. 2017 йили каратэнинг WKF йўналишида аввал Ўзбекистон кубоги, сўнгра Осиё чемпионати соврини билан сийланган. Яна "Шарқ якка курашлари ва жанг санъатини ривожлантириш маркази" томонидан "Йилнинг энг яхши спортчиси" номига муносиб кўрилган. 2018 йили Ўзбекистон чемпионлиги мақомини яна бир бор мардонавор ҳимоя қилиб, ютуқларини такрор мустаҳкамлади.

Юртимизни оламга танитадиган, шони-шавкат келтирадиган спорт соҳасининг ёш ва омадли заҳматкаши 2015 йили "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони, 2016 йили "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган. Энди эса кўксини "Мард ўғлон" Давлат мукофоти нишони безагани ёш йигитнинг кўнглини чексиз қувончу ғурурга тўлдириб юборди.

- Мен тренерим ва устозим отамдан кўп нарсаларни ўргандим, - дейди мамнунлик   билан Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов. - Айниқса, спорт соҳаси муттасил олға интиладиган, ҳар вақт маррани баланд оладиган фидойи ёшларнинг севимли машғулоти эканини дил-дилдан ҳис этдим. Натижада Ватаним шарафи учун халқаро майдонларда мураббийларим, юртдошларим ишончларини оқлаб, бир неча бор ғолиблик мартабасига эришдим. Бугун Ўзбекистондек ҳар жиҳатдан серривож мамлакатда яшаётганимдан беҳад фахрланаман. Мақсадим, жаҳоннинг энг машҳур каратэчиси сифатида доимо юртим довруғини оламга достон қилиш, байроғимизни қўлда баланд тутган ҳолда мағрур ҳилпиратишдан иборатдир.

Халқимизнинг "Тоққа чиққан чўққинни кўзлайди" деган нақли бежиз эмас. Давлат мукофоти совриндори Муҳаммадсиддиқ Абдумуталовни ҳам янада юксакларга чорлайверади. Унинг ҳозирда фаолият юритаётган Косонсой туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида каратэ бўйича ўзига муносиб ўринбосарлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам тобора кучайиши шак-шубҳасиз. Наманган давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт факультети талабалари сафига қўшилаётгани эса, эндиликда ёш каратэчи камолотига камолот бағишловчи  орзулар оғушида яшаётганидан яққол далолат беради.

- Ўғлимиз бизнинг фахримиздир, - дейди ҳамшира Жамила Салоҳиддинова. - Унинг камолатидан дадаси иккимиз ғоят ғурурланамиз. Ҳамиша омадлар тилаб, янгидан-янги муваффақиятларга руҳлантираверамиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

НамДУ талабаси,

Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибаси.