Хабарингиз бўлса Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2018 йил 20 сентябрида 747-сонли қарори эълон қилинганди.Унга кўра, шу йил 1 июлдан бошлаб видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар рағбатлантириш тартиби жорий қилинди.
Видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан ЭКИҲ 5 фоизи (бугунги кунда бу сумма 10 минг 136 сўм) миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Мазкур қарордан кўзланган мақсад жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ҳар йили юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари туфайли минглаб одамларнинг умри бевақт ҳазон бўлаётганлигини олдини олишдир. Қолаверса машъум ҳодисаларда пиёдаларнинг ҳам айби бисёр.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги видеолар уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим (http://dyhxx.ejarima.uz веб-сайти) орқали ички ишлар органларига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин. Қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 секунддан ошмаслиги лозим. Мазкур сайт биринчи марта ишга туширилаётганлиги, синовдан ўтган аналоглари йўқлиги сабабли, синов даврида тизимда айрим техник камчилик ва хатоликлар келиб чиқиши ҳамда қисқа муддатли тўхталишлар бўлиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Бир сўз билан айтганда мазкур тизим кимнидир айбини очиб, унга жазо бериш эмас, балки юқорида айтиб ўтганимиздек содир этилиши мумкин бўлган нохуш вазиятларни олдини олиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Зеро, тиббиёт тили билан айтганда касални даъволагандан кўра уни олдини олиш яхши. Ўйлаймизки бу йўл ҳаракати иштирокчиларининг маданияти ва йўлларда фақат ЙПХ ходими учун эмас ўзлари онгли равишда қоидаларга бўйсунишларига туртки беради.
Аббосхон МАМАДЖАНОВ,
Наманган тумани прокурорининг ёрдамчиси