Муҳтарам Президентимиз томонидан олға сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги бешта муҳим ташаббусда ифодасини топган вазифалар изчил бажарилаётганлиги ғоят қувончлидир.

Айниқса, биринчи ташаббус - ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ йигит ва қизларимизнинг истеъдодлари юзага чиқмоқда. Уларнинг юксак даражадаги қобилияти ва ижрочилик маҳорати ҳатто хориждаги нуфузли кўрик-танловларда ҳам тенгдошларига нисбатан юқори баҳоланаётганлиги эътиборга моликдир.

Дилафрўз Қудратова - Поп туманидаги 67-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфини тамомлади. Бўш вақтларида санъатнинг сирли олами завқидан баҳраманд бўлиш унинг энг севимли машғулоти. Шу боис мактабда таълим олиш билан бирга 7-сонли мусиқа ва санъат мактабига қатнаб юрди. Фортепиано синфида устози Фарида Шодмонхўжаевадан қунт билан сабоқ олди. Маҳаллий бас­такорлар асарларини, шунингдек, жаҳонга машҳур композиторлар яратган куйларни моҳирона ижро этишни ўрганди. Зеҳни ўткир, изланувчан ва ижрочилик малакасини тинмай ўстиришга интиладиган Дилафрўз ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакатимиз ёшлари ўртасида ном қозонишга муваффақ бўлди.

Д. Қудратова эришаётган ютуқлар салмоғи тобора ортиб бораётир. Жумладан, Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган "Замонамиз куйчиси" республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритган. "Камалак" болалар ижодий фестивали республика босқичида биринчи, "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловида эса 3-ўринни эгаллаган. Куни кеча Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида якунланган "Аврора-2019" Бутунроссия болалар ва ўсмирлар ижодкорлиги очиқ фестиваль-танловида ҳам Дилафрўзнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Мазкур ижодий баҳсда турли мамлакатлардан келган қатнашчилар хореография, вокал чолғу, театр йўналишлари бўйича саҳнага чиқиб, қадрдон юртлари шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Дилафрўз эса танловда Мухтор Ашрафийнинг "Сўзсиз қўшиқ" ва Шопеннинг "Вальс" куйларини фортепианода устози Фарида Шодмонхўжаева ўргатган тарзда, шу қадар маҳорат билан ижро этдики, унинг ижрочилик лаёқатига тан бермаган мухлис қолмади. Бинбарин, фестивал-танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист, Сочи давлат филармонияси солисти Виктор Кузнецовнинг ҳам эътиборини қозонди. Дарҳақиқат, юзлаб ижрочилар орасида Попдан борган мусиқачи чолғу ижрочилиги номинацияси бўйича совриндор бўлиб, 2-даражали диплом билан тақдирланганлиги бежиз эмас.

Дилафрўз - Поп шаҳрининг Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи зиёли оила фарзанди. Онаси педагог, отаси шифокор. Юлдузхон Алимова ва Холматжон Неъматовлар фар­занд­ларининг чуқур билим олиб, етук инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча икониятларни яратиб қўйишган. Натижаси эса бирин-кетин намоён бўлмоқда. Ўғиллари хориж олийгоҳларида таълим олишяпти. Дилафрўз эса санъатнинг машаққатли йўлини танлади.

Мухтасар қилиб айтганда, Сочидаги халқаро фестивалда Наманган туманидаги 5, Поп туманидаги 7, Наманган шаҳридаги 11 ва Учқўрғон туманидаги 12-мусиқа ва санъат мактабларининг ўқувчилари муваффақиятли иштирок этдилар.Улар 5 та биринчи ўрин, 4 та 2-ўрин ва 1 та 3-ўринни қўлга киритишди. Скрипка йўналиши бўйича Аҳрормирза Раҳмонов, рақс йўналиши бўйича эса Нодира Қосимова олий ўрин соҳиби бўлдилар. Аҳамиятлиси, уларнинг ҳар иккиси ҳам тиббиётчилар оиласида таваллуд топган. Нодиранинг онаси - Комила Отахонова вилоят "Она ва бола скрининги" маркази кичик тиббиёт ходимаси, Аҳрормирзанинг отаси - Мирзоҳид Раҳмонов вилоят патанатомия бюроси иш юритувчиси, онаси - Раҳима Авлиёева РШТЁИМ Наманган филиали қабулхона ҳамшираси.

Абдулла ҒОЗИЕВ.