Обод маҳалла, обод қишлоқ, обод марказ. Маҳаллаю қишлоқлардан бошланган ободлик бугун туман марказларида давом этаётир. "Обод марказ" Давлат дастури асосида кундан-кунга чирой очаётган вилоятимиз туманлари марказлари қиёфаси бугун таниб бўлмас даражада кўркамлашаётгани беҳад таҳсинга сазовор. Айниқса Тошбулоқ шаҳарчаси.

Бир-икки ой илгари Нурафшон кўчасида жойлашган Наманган тумани тиббиёт бирлашмасида бўлганимизда, йўлнинг торлигидан, қолаверса ўта зич жойлашган дўкон ва ошхоналарнинг бетартиб фаолиятидан бироз ранжиган эдик. Куни кеча ана шу манзилда бўлганимизда беқиёс ўзгаришлардан ҳайратга тушдик. Беўхшов бино ва иншоотлар бузиб ташланган. Айниқса, ҳайбатли ва ҳашамдор биноларнинг автомобиль қатнов йўлидан 8-10 метр ичкарида қад ростлангани айни муддао бўлибди.

Шу кўчадаги марказий шифохона ҳам "Обод марказ" дас­тури асосида таъмирланаётганини айтмайсизми. "Чортоқ Баркамол қурилиш сервис" МЧЖ ишчилари терапия комплекси биноси фасад қисмидаги эски дераза ва ромларини янги замонавий "АКФА" дераза-ромларига алмаштиришибди. Том қисми эса чердакли метал черепица билан ёпиляпти. Тез ёрдам шахобчаси биносида ҳам худди шундай таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ҳозирги кунда ташқи фасадни пардозлаш ишлари амалга ошириляпти. Улар энди марказий кўчанинг кўркига-кўрк бағишлайди.

- Шифохонанинг болалар, жонлантириш ва жарроҳлик бўлимлари биноларининг таш­қи фасад қисмларидаги реконструкция ҳам дастур доирасида бажариляпти, - дейди ТТБ бош муҳандиси Қобилжон Аҳмадалиев. - Ҳозирда "Рамзес" МЧЖ хусусий фирмасининг ишчи ва ходимлари оқлаш ва суваш ишларини жадаллаштиришган.

Шу ўринда ўз ишларини масъулият билан бажараётган Ҳакимжон Маҳкамов, Қодиржон Отавалиев, Комилжон Камолов, Азимжон Камоловлар, Азамат Мансуров ва Музаффар Каримовларни бунёд­корлик ишларида ҳамкасбларига ўрнак бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.