Янгиқўрғонлик Қамбар Ҳайдар эллик йилдан буён шундай эзгу юмуш билан умр дафтарини безаётган тиниб-тинчимас инсон.
Бугунги кунда етмишни қоралаб яшаётган Қамбарали Иброҳимов ҳақида ёзмасдан илож қанча. Ахир у пенсия ёшида бўлишига қарамай, ҳали ҳануз уйида оёғини узатиб, дам олиб ўтиришни ўзига эп кўрмаяпти. Ижод оламида қамбарона боғ соҳиби мақомига мушаррафликка улгурган, айни пайтда Қўрғонтепа адирликларида турмуш ўртоғи, тиббиёт фахрийси Мунаввар Абдураҳимова билан фарзандлари Даврон, Жавлонларни ёнига олиб, узумзору олмазор, беҳизору ғайнолизор яратганига нима дейсиз! У фақат "Қойил!" ва "Офарин!" олқишларига муносиб эмасми? Худди шундай.
Ана шу дўстимизнинг мазмунли умрини мухтасар шарҳласак, наинки ҳамкасбларга, балки ҳамма учун ибратли кечаётганига янада иқрорланасиз. У 1953 йили Янгиқўрғонда таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган.
Филолог-муаллимнинг ижодий қобилияти мактаб ўқувчилиги давридаёқ қўлига қалам тутқазганди. Яъни илк мақоласи 1966 йили болаларнинг "Ленин учқуни" (ҳозирги "Тонг юлдузи") газетасида ёритилганди. Бу эса, Қамбаралида ижод иштиёқини кучайтирди. Матбуотга мақола битиш билангина қаноатланмай, шеърлар ва ҳикоялар машқ қила бошлади. Ўз-ўзидан умрини мактабда болаларга таълим-тарбия беришдан кўра, журналистикага бағишлаш истаги кўнглида устуворлик касб этди. Мустақиллик йили арафасида туман "Меҳнат байроғи" (ҳозирги "Янгиқўрғон ҳаёти") газетаси таҳририяти ижодкорлари сафига қабул қилинди. Унга бўлим мудири вазифасини топширишди. Кейин эса вилоят телерадиокомпанияси таклифига кўра радиомухбирликда фаолият юритди. Вилоят шаҳар-қишлоқларини кезди. Радио-репортажлар тайёрлаб, тингловчиларга танилди.
Лекин матбуотдан кўнгил узолмади. Яна қадрдон газетасига қайтди. 2007 йилгача ижодкорларга бош-қош бўлди. Муҳаррир сифатида туман ҳаётининг ойнасида муваффақиятлар ҳам, муаммолар ҳам бирдай мунтазам ёритилиши учун журналистларга раҳнамолик қилибгина қолмай, танқидий мақолалар битишда шахсий намуна кўрсатди. Бошқача айтганда, газетанинг "тиш"и ҳам ўткирлашишини изчил таъминлади. Шу боис, таҳририят адолат қўрғонига айланди. Одамлар мурожаат билан унинг остонасидан ҳатлашса, ҳеч вақт бенажот қолишмади.
Тадбиркор, талабчан ва ташкилотчи муҳаррир энг аввало, ўзининг меҳнат жамоаси учун қулай шароитлар туғдиришга астойдил интилди. "Янгиқўрғон ҳаёти" таҳририяти бино ва ҳовлисию, ҳатто ҳар бир ходимнинг тутимларигача ҳавасларга арзигулик даражага етказилди. Танқиддаги ҳаққонийлик адолат ва холисликка уйғунлаштирилгани айниқса ижобий самаралар берди. Матбуот чиқишлари ҳокимлик томонидан доимо қўллаб-қувватланиб, газетанинг мавқе-мақоми анча юқорилади.
Бизга маълумки, журналистларнинг энг иқтидорлилари бора-бора ёзувчи ва шоирликка яқинлашишди. Улардек бадииятга йўғрилган сермаъно, таъсирчан назмий ҳамда насрий асарлар ёзишга эришишади. Бу ҳолни Қамбарали Иброҳимовнинг Қамбар Ҳайдар деган ном билан элга танилишидан ҳам билса бўлади.
Дастлаб, "Катта йўлга туташ сўқмоқлар" номли очерк ва лавҳа китоби (2001 йил) орқали мухлислар муаллифдош моҳир публицист сиймосида таниган эдилар. Орадан уч йил ўтиб, ўзининг "Барҳаёт сиймолар" рисоласини ўқувчиларга туҳфалади. 2006 йили эса "Сен баҳорим гулисан" ҳикоялар тўплами нашрдан чиқди.
2019 йил Қамбар Ҳайдар ҳаётида ғоят мароқли кечмоқда. Мана, қўлимизда 5 апрель куни тақдимоти ташкилланган "Азим дарё ирмоқлари" антологияси, мумтозона ибора билан айтганда замонавий тазкираси. Уни тузиш осон кечмаган, албатта. Бунинг учун одам чинакамига адабиёт жонкуяри, самимий қалб эгаси, зукко муҳаррир бўлиши керак. Қамбар Ҳайдардаги ана шу салоҳият, ана шу хислат тўпламнинг анча мукаммаллигу манзурбахшлигини таъминлаган.
Яхшиси, юртга таниқли адибларнинг эътирофлари билан таништирайлик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгаши раиси, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев:
- Қамбарали Иброҳимов бу ишга астойдил киришиб, янгиқўрғонлик ижодкорлар ҳақида ноёб тўплам ҳозирлабди. Ноёблиги шундаки, уни мутолаа қилган ўқувчида ҳар бир ижодкорнинг ҳаёт йўли, ижод йўналиши тўғрисида аниқ тасаввур ҳосил бўлади... Туташ ирмоқлар ҳамма жойда жўшқин дарёларга айланади ва бу жўшқинлик ҳаётимизни янада сермазмун қилади".
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Турон" фанлар академияси академиги Боқий Мирзо:
- Қамбар Ҳайдар "Азим дарё ирмоқлари" китобида ҳамюрт қаламкашлар тўғрисидаги қимматли маълумотлар ва ижодий намуналарни жамлаб, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларига фойдаланишга арзийдиган ўзига хос қўлланма ярата олган. Айни пайтда ижоддан, турли мавзуда мақолалар ёзишдан, публицистик материаллар тайёрлаб, республика, вилоят ва туман газеталарида чоп эттиришдан чарчамайди.
Дарҳақиқат, Қамбар Ҳайдарнинг қаламига мансуб қатор мақолалар бизнинг "Шифокор ва ҳаёт" газетамиз саҳифаларини ҳам тез-тез безаб келмоқда. У давлатимизнинг юксак унвон ва орденларига сазовор шифокорлар, нуфузли кўрик-танлов ғолибига айланган ҳамширалар тўғрисида зўр мамнуният билан самимий сатрлар битаётган, бундан кейин ҳам битадиган фаол мухбиримиз сифатида ҳамиша муносиб ҳамкоримиз бўлиб қолишига қатъий ишонамиз.
Содиқ САЙҲУН.