Гиёҳвандлик бутун дунё аҳолисини ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Уни инсонлар саломатлигига ҳам, жамият ҳаётига ҳам зиёни катта. Шу боисдан гиёҳвандликка қарши бутун жамоатчилик кенг миқёсда кураш олиб боради. Айниқса, тиббиётчиларнинг зиммасидаги вазифа уларни соғлом турмуш тарзига қайтаришдан иборатдир.
Вилоят наркология диспансери бош врачи Файзулло Дедабоев билан кечган мулоқотимиз шу хусусда борди.
- Файзулло Убайдуллаевич, Сизнинг мазкур муассасага раҳбар бўлиб келганингизга ҳали унча кўп бўлгани йўқ. Лекин, диспансер ҳовлисига қадам қўйибоқ, биноларининг қиёфасинию, ички ўзгаришларини кўриб, шифокор ва беморларга зарур шароитларни ҳозирги давр талаблари даражасига кўтариш учун астойдил ҳаракат қилинаётганини пайқаш қийин эмас. Аввало, шунга шарҳ берсангиз?
- 2018 йилнинг октябрида жамоа раҳбарлигига тайинланганимдан бошлабоқ биноларнинг анчайин таъмирталаб ҳолатдалигига бефарқ қарай олмадим. Ахир кечаги кун талаблари асосида яшаб бўлмайди. Янгича нигоҳ билан янгичасига иш ташкил этиш истаги кўнглимда қатор янги режаларни туғдирди. Жамоанинг барча аъзоларига бирдай чиройли ва шинам хоналарда фаолият олиб боришларини таъминлаш мақсадида мутасадди идоралар кўмагига таяниб, тезда биноларимизнинг ҳам ташқи, ҳам ички кўринишини замонавий меъморчилик андозалари ҳамда тиббиётнинг зарурий талабларини уйғунлаштирган ҳолда таъмирлашни йўлга қўя олдик. Мана, қисқа фурсатда қўли гул қурувчиларимиз томонидан кўнглимиздаги режаларимиз деярли натижа касб этмоқда. 4 қаватли асосий биномиздаги эски эшик ва деразалар замонавий "акфа" ларга алмаштирилди. Деворларнинг белбоғигача ва оёқ остига ялтироқ кафеллар ёпиштирилди. Ҳатто хоналарнинг ёритиш чироқлари янгиланди. Ташқи ҳовлига брусчаткалар ётқизилди. Сув таъминоти яхшиланиб, меъёрлаштирилди. Ҳар бир қаватда, ҳар бир бўлимда кун бўйи ундан фойдаланиш имконияти яратилди. Буларнинг ҳаммаси гиёҳвандликка ва алькогол ичимликларга ружу қўйган, мойиллиги кучли шахсларни соғлом турмушга қайтаришга масъул врач ва ўрта тиббиёт ходимларимизни янада астойдил ишлашга руҳлантираётганини кўриб, раҳбар сифатида кўнглимда оз бўлса-да ўз фаолиятимдан қониқиш туйяпман.
- Бу табиий, албатта. Ахир қаерда ишловчиларга шароитлар қулай бўлса, ўша жойдаги аҳил жамоанинг фаолияти самарали ва сифатли бўлади. Раҳбарнинг обрў-эътибори жамоасида тобора ортаверади. Қўл остида ишлаётганларнинг илғорлари номини мамнуният билан тилга олиб, ўзи ҳам яйрайди. Сиз кимларнинг саъй-ҳаракатидан хурсандсиз?
- Диспансеримизда иккита бўлим бор. Бирида ихтиёрий даволанувчилар ётишади, иккинчисида мажбурий, деб топилганлар, яъни суд ҳукми билан олти ойдан бир ярим йилгача жўнатилганлар. Бундайлар гиёҳвандлар, ичкиликбозлар ва заҳарвандлардир. 100 нафар беморга 13 нафар врач ҳамда 63 нафар ҳамшира ва фельдшерлар қарашади. Уларнинг астойдил ҳаракатлари туфайли диспансер остонасидан ичкарига ҳатлаган нажотталаблар имкон қадар тезроқ "ўнгланиб", оилалари бағрига қайтишяпти. Бош врач ўринбосари Дилором Маҳмудованинг, врачлардан Абдунаби Эшонжонов, Илҳомжон Тожиддинов, Ирина Казанцева, Ирина Климова, Зиннура Нуриддиноваларнинг, катта ва оддий ҳамширалар Сурайё Абдурасулова, Козим Якуббоев, Маҳфират Тожибоева, Самида Жамолова, Мавжуда Мирзаабдуллаеваларнинг сидқидил хизматларидан беморларимизнинг миннатдорлигини алоҳида таъкидлашга бурчлиман. Чунки, улар ўзларининг бор билим ва маҳоратларини кечаю-кундуз ҳеч аямасдан сарфлашга ўрганишган.
- Диспансер томонидан туманларда қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
- Мутахассисларимиз ҳафтасига бир кундан туманларга чиқишади. Беморлар билан суҳбатлар ўтказишади. Тиббий кўриккача уюштиришади. Бу борада Поп, Уйчи ва Наманган тумани прокуратураси билан ҳамкорликда айниқса фаол ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 7 та туманда мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича травматолог ва терапевт врачлар ва ҳамширалар ўқитилиб, уларга махсус "Сертификат"лар берилди.
- Ҳозирдаги муаммолар тўғрисидаям тўхталсангиз?
- Гиёҳванд ва ичкиликбозларни камайтиришга эришиш муаммоси айни пайтда аввалгидек долзарб масала бўлиб турибди. Бунинг учун фақат бизларнинг курашишимиз етарли натижа бермайди. Ҳамкорликни кучайтириб боришимиз шарт. Яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан баб-баравар ҳокимликлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ўқув муассасаларининг биргаликдаги фаолияти ғоят муҳим. Тарғибот-ташвиқотни доимий кучайтириш, уларда таъсирчан видеороликлардан фойдаланиш кутилган самаралар беради. Худди бошқа хасталикларга нисбатан айтилган: "Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул" ҳикмати бевосита гиёҳванду ичкиликбозларни камайтиришга ҳам тааллуқлидир.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.