Донорларни ҳеч муболағасиз шундай атаймиз. Чунки улардан олинган қон ўзгаларга ҳаёт бағишлайди. Донорлик ойлигида нафақат оддий фуқароларимиз, балки вилоят ички ишлар идоралари ходимлари, қолаверса Наманган ва Поп шаҳридаги ҳарбийлар ҳам фаол қатнашишди.
- Бизнинг офицер ва ҳарбий хизматчиларимиз донорликни ўзларига шараф билишади, - деди мамнуният билан Намангандаги ҳарбий қисм командири Иқболжон Тўхтасинов. - Вилоят қон қуйиш марказида ҳайрли амални адо этишимизга қулай шароитлар яратиб беришди. Донор йигитларимиз қон топширгач, кофе, ширин чой ва турли егуликлар билан сийланишди.
14 июнь - Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан ташкилланган байрам тадбирига бир неча йиллардан буён вилоятда қон маҳсулотлари заҳирасини яратишиб, мададга муҳтож ҳамюртларимиз ҳаётини сақлаб қолиш йўлида қон топшириб инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб келаётган сахийқалб, беғараз донорлар чорланди.
Тадбирда ИФА лаборатория бўлими мудири Зокиржон Ҳожимирзаев беғараз донорларни байрамлари билан чин дилдан қутлади. Кўп йиллардан буён хаста дилларга меҳр-шафқат кўрсатиб келаётганлари учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, Чуст туманидаги Шўркент маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 39-мактаб ўқитувчиси Манзура Нуралиевага "Ўзбекистон Республикаси Фахрий Донори" кўкрак нишони топширилди.
Қизил Ярим Ой жамияти вилоят бўлими бўлим мудири Абдулатиф Иброҳимов беғараз донорларга эсдалик совғаларини тақдим этди.
Манзура ЭРГАШЕВА.