Маълумки, 7 - 8 июнь кунлари вилоятимизда "Doing Business with Namangan - 2019" халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Йирик дастурларни қамраб олган форум давомида Наманган хорижий компаниялар вакилларига ўзининг бор иқтисодий салоҳиятини намойиш қилди.

Форумда 500 дан ортиқ меҳмон, жумладан, 36 давлат компания ва корхоналари вакиллари, мамлакатдаги дипломатик корпус ва хорижий ОАВ ходимлари, Ўзбекистоннинг 18 давлатдаги элчиси иштирок этди. Форум доирасида 50 дан ортиқ келишув ва шартнома имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига яқин ва 20 та давлатни қамраб олади.

Мазкур форум доирасида вилоятимиз тиббиётининг истиқболдаги тараққиётига алоқадор шартномалар имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўтказган учрашув якунларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти Австриянинг "АМЕ International GmbH" ва "AVK GmbH" компаниялари вакиллари билан 10,5 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит жалб этган ҳолда вилоят кардиология марказининг моддий-техник базасини такомиллаштириш бўйича уч томонлама Меморандум имзолади.

Буюк Британиянинг "МЕТАСО" компанияси билан имзоланган шартномага мувофиқ хориж инвесторлари тўғридан-тўғри инвестиция киритиш йўли билан Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигига чалинган беморларни даволаш учун гемодиализ хизматини йўлга қўяди.

Учқўрғон туманида хусусий тиббиётни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Ҳиндистоннинг "SD Diagnostik center" компанияси Қайқи қишлоғида "Шодлик медсервис" МЧЖ билан ҳамкорликда 2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали тиббий-диагностик марказ қуриши мўлжалланяпти. Шунингдек, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида Туркиянинг "PI ALLES SAGIK GPOUP" LLC компанияси 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояси ҳисобига замонавий тиббий-диагностик марказ барпо этади.

Вилоятимиз марказидаги Юксалиш маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида турар жойлар қатори янги тиббиёт масканлари ҳам қад ростлайди. Ҳиндистонлик инвесторлар ҳам бу хайр­ли ишга ўз ҳиссаларини қўшадилар. "INDIAN INSTITUTE OF MEDIKAL SCIENCES" билан имзоланган узоқ муддатли шарт­номага мувофиқ 15 мил­лион АҚШ доллари ҳисобига 2 гектар майдонда 400 ўринли замонавий тиббий-диагностик марказ қурилиши режалаштирилмоқда.

Форум доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда минтақада биринчи бор экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлайдиган, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари каталогини ўз ичига оладиган madeinnamangan.uz портали ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассислари ҳам форумда фаол иштирок этишди. Келгусида хорижий ҳамкорлар билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишларда бевосита фикрлар алмашилди. Мазкур ҳамкорлик келажакда ўз мевасини беришига ишончимиз комил.

Лочинбек БЎРИЕВ,

Миллий палатанинг ҳудудий бўлинмаси

мутахассиси.