Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тобора ривожланиб боряпти. Бу ижтимоий соҳаларда, хусусан таълим тизимида ҳам намоён бўлаётир. Жорий йилда юртимиздаги тиббий таълим муассасалари яна биттага ортади. Наманган давлат университетида Урал давлат тиббиёт университетининг бўлими очилади.
Яқинда Екатеринбург шаҳридаги мазкур олийгоҳ вакиллари Наманганга келишди. УДТУнинг истиқболдаги ривожланиш ва халқаро фаолият бўйича проректори Михаил Флягин ва ўқув ишлари бошқармаси бошлиғи Наталья Шкиндер Наманган давлат университетининг анжуманлар залида бир гуруҳ шифокор олимлар билан учрашув ўтказди.
Тадбирни университетнинг илмий ва инновацион ишлар бўйича проректори Муродхон Қодирхонов олиб борди. Дастлаб Михаил Флягин иштирокчиларни Урал давлат тиббиёт университети ўтмиши, бугуни ва эртаси ҳақидаги маълумотлар билан таништирди. Ўзининг илмий салоҳияти билан мамлакатда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келаётган тиббиёт олийгоҳи малакали кадрлар тайёрлашда юқори натижаларга эришмоқда. Ўнлаб давлатларда филиаллар очган. Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳам ижобий натижалар беришига умид билдирилмоқда.
- Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Наманганга ташриф ғоят қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Шу қадар гўзал шаҳарни кўрганимдан беҳад шодман, айниқса гулларга бурканган боғдаги жозиба ҳайрат уйғотди, - дейди Михаил Флягин.
Наманганда тўрт йўналиш бўйича талабалар қабул қиладиган факультетни ташкиллаш жараёнлари ҳусусида ҳам фикр алмашилди. Унга 2-Наманган тиббиёт коллежи ўқув биноларидан бир қисми берилганлиги айтилди. Мулоқот жараёнида қатор масалаларга ойдинлик киритилди.
Учрашувда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди.