Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида инновацияларни жорий этиш устувор вазифалар қаторида турибди. Бинобарин, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам халқаро андозаларга мос хизмат турларини амалиётда қўллашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Беморларнинг узоғини яқин қилиш, уларни даволашда хориж тажрибалари, замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланиш учун имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, телетиббиёт хизматининг вужудга келиши ҳам муҳим янгиликлардан бири, десак муболаға эмас.
Энди телетиббиёт афзалликлари вилоятларда ҳам намоён бўлмоқда. Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада янги лойиҳанинг жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раҳбари Равшан Изамов соҳага татбиқ қилинаётган янгиликнинг моҳиятини изоҳлаб берди. Жумладан, бемор ва шифокор ўртасида масофавий мулоқот ўрнатиш, шу тариқа касалликка ташхис қўйиш ва даволаш ишларни олиб бориш, шунингдек шифокорлар касбий маҳоратини оширишга қаратилган машғулотларни интернет тармоғи воситасида ташкил этиш ҳақида тушунча берди. Тизимнинг жорий этилиши билан хориждаги клиникаларга боришга, ортиқча харажатлар қилишга ҳожат қолмаслиги билдирилди.
- Телетиббиёт тизимининг имкониятлари беқиёс, - дейди Миллий палата раиси Р. Изомов. - Унинг хизматидан олис ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳудуд танламас технологиялар билан қуроллантирилган платформа марказдан анча йироқда туриб чет элдаги машҳур клиника шифокорлари билан алоқага чиқа олади.
Тадбир бўлаётган муассасанинг ўзидан туриб Ҳиндистондаги етакчи клиника билан боғланилди. Дастлабки бемор саломатлиги ҳақида электрон тартибда маълумот юборилиб, уни безовта қилаётган дардни даволаш бўйича тиббий маслаҳат олинди.
Тақдимот маросимида Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар иштирок этишди. Шаҳар ҳокими телетиббиёт тизимини мамлакатда биринчилардан бўлиб Наманганда жорий этиш юзасидан Миллий палата раҳбари билан келишиб олди.
Яқин орада вилоятимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг мутлақо янги, жаҳон андозаларига мос шакли вужудга келади. Яъни, телетиббиёт соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини такомиллаштириш борасидаги юксалиш босқичини бошлаб беради.
Абдулла ҒОЗИЕВ.