Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар ходимлари ҳам 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбирларида фаол иштирок этдилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, бу масканда тарбияланаётган келажагимиз ворисларини қутлуғ сана билан муборакбод этди. Уларга чуқур билим олиб, соғ-саломат ул­ғайиб, ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишларида омадлар тилади.

Меҳмон бир гуруҳ болалар билан дилдан суҳбат қурди. Уларнинг саволларига жавоблар қайтарди. Халқаро сана муносабати билан ўз туҳфаларини топширди. Совға-саломларнинг аксарияти бадиий китоб­лардан иборат эди.

Сенатор шу куни вилоят психофизик ривожланиши бузилган болаларга ихтисослаштирилган болалар уйида ҳам бўлди. Муассасада яратилган шароитлар, ўзгалар парваришига муҳтож кичкинтойларнинг муаммолари билан қизиқди. Ташриф ниҳоя­сида муассаса жамоасига байрам совғаларини тантанали равишда топширди.

Байрам тадбирлари "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳида ҳам тантанали равишда нишонланди. "Бешкапа" болалар ревматология шифохонасида бўлиб ўтган шодиёна эса кўпчиликнинг ёдида қолди. Вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ва вилоят эндокринология диспансери вакиллари томонидан тақдим қилинган сов­ғалар барчани мамнун этди.

Ушбу байрам вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам зўр уюшқоқлик билан ўтказилди. Аввало, марказнинг ҳар бир бўлими байрам кайфиятини акс эттирган паннолар, турли безаклар билан жиҳозланди. Эрталабдан қабулхонага ташриф буюрган ҳар бир болага кайфиятини кўтариш учун бир донадан шар тақдим этилди.

- Марказимизда 383 нафар бола даволаняпти, - дейди бош шифокор Абдумалик Раҳмонов. - Уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор ва меҳр оғушида ардоқланяпти. Бугунги байрам муносабати билан алоҳида тадбирларни ташкил этишни режалаштирдик. Уларга Нилуфар Шамсуддинова, Абдусаттор Обидов, Манзура Ҳожиматова, Мусохон Обидов каби тажрибали врачларни бириктириб қўйганмиз. Улар кун давомида ҳомийлар иштирокида байрам тадбирларини ўтказишди. Ёши ва билим даражасига мос келадиган викторина, савол-жавоб кечалари кичкинтойларда ёрқин таассуротлар қолдирди.

Мусо АКМАЛОВ,

Манзура ЭРГАШЕВА.