Шу ҳафтада Косонсой туманида ташкилланган тиббий тадбир бу соҳада қўйилган муҳим қадам бўлди. Олис қишлоқларда туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғ­ломлаштириш бўйича иш олиб борилди.

Саломатлик ҳафталигида Республика Ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий- амалий тиббиёт маркази ва бошқа муасасаларнинг тажрибали шифокорлари вилоятимиздаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказишди. Аҳолининг турли қатламлари орасида оилада тиббий маданиятни юксалтириш ва бошқа мавзуларда давра суҳбатлари уюштирилди.

- Ҳафталик доирасида қишлоғимизга малакали тиббиёт ходимлари келишгани айни муддао бўлди, - дейди "Қорасув" ҚВП мудири Акрамжон Раҳимов. - Аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Аёллар, кўплаб ўсмир қизлар ва болаларнинг саломатлиги текширилди. Малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш юзасидан маслаҳатлар берилди.

- Фарзандим Қобулжоннинг соғлиғидан хавотирда эдим. Бугунги кўрик чоғида кўнглим тасикин топди, - дейди Мавлуда Жалилова.

- УТТ текширувидан ўтдим. Биз кексаларга ҳам қулай шароит яратилганидан мамнунмиз,-дейди 80 ёшли онахон Хайринисо Нурматова.

Абдулла ҒОЗИЕВ.