Вилоятимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хавфли касалликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишнинг янгидан-янги усул ҳамда имкониятларини қидириб топиб, амалиётга тадбиқ этиш борасида изчил иш олиб бориляпти.

Бу ўринда вилоят ОИТСга қарши кураш марказида жорий қилинаётган янгиликлар эътиборга моликдир. Мазкур муассаса фаолиятининг асосини ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ташкил этади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ҳудудларда олиб борилаётган ташвиқот ишлари натижасида юртдошларимизнинг бедаво дард ҳақидаги тушунчаси бойитилмоқда. Энди бу мақсадга йўналтирилган ишлар доирасини янада кенгайтириш имконияти яратилди. Вилоят ҳокимлигининг мадади билан марказга иккита "Дамас" автомашинаси берилди.

Шу муносабат билан тақдимот маросими бўлиб ўтди. Уни вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Раҳмонжон Абдуллаев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров ва бошқалар муассаса автотранспорт паркининг бо­йитилиши хизмат натижадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.