Яқинда Наманган шаҳар прокуратураси ташаббуси билан 7-Мингчинор ҳудудидаги "Маънавият" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бўлган шахслари чуқурлаштирилган тиббий кўриги шу ернинг ўзида ўтказилди.

Бу билан терапевт, невропатолог, окулист, лор, уролог ва стоматолог врачлар, лаборатория ходимлари ҳамда УЗИ, ЭКГ мутахассислари одамларнинг узоғини яқин қилишди.

Тадбир чоғида Асилахон Иминованинг бел соҳасидаги жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳам ҳозирда юра олмаслиги маълум бўлди. Шунингдек пиелонефрит, гипертония хасталиклари аломатлари борлиги аниқланди. Беморни ногиронлик гуруҳига ўтказиш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Буйрак жомчаларининг яллиғланиши ва гипертония касалликлари бўлган Санобар Камоловага эса саломатлигини тиклаши учун Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-шаҳар шифохонасига йўлланма ёзилди.

Кўрикда ҳудуддаги 20 нафардан зиёд кам таъминланган хонадонларнинг барча оила-аъзолари қамраб олинди. Аниқланган касалликлар бўйича шифокорлар томонидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Хайрли тадбирда 13- ва 5-оила поликлиникаларининг олий тоифали шифокорлари ҳамда ўрта тиббиёт ходимлари фаоллик кўрсатишди.

Шунингдек, кўриклар билан бир қаторда кам таъминланган оилаларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Жумладан, ўнга яқин оилалар фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилди. Боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бўлган эҳтиёжмандларга имтиёзли кредитлар асосида тикув машиналари, электр печлари ажратилди. Уларга ёғ ва гурунч маҳсулотлари тарқатилди.

М. ТЎЙЧИЕВ,

Наманган шаҳар прокурори.

Б. ДАДАБОЕВ,

шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.