Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда хайрли ишни бошлади. Вилоятда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалардаги ҳомиладор аёллар ва бир ёшгача бўлган болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тиббий тадбирларни ўтказишга киришилди.
Бугун Норин туманидаги Норинкапа маданият маркази ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Маданият маскани бу гал одатдан ташқари тарзда хизмат кўрсатди. Яъни, унда маънавий-маърифий йўналишда эмас, балки соғлом турмуш тарғиботига бағишланган ноанъанавий анжуман ўтказилди. Муассасага ташриф буюрувчилар шифокорлар, хотин-қизлар вакиллари ва болалар эди.
Тадбирнинг аввалгилардан фарқли жиҳати шундаки, унга таклиф қилинган 118 нафар ҳомиладор аёллар қайнаоналари билан келишди. Ҳар бир бўлғуси она яқинлари иштирокида вилоят перинатал маркази малакали мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорланди. Ҳомиладорликнинг кечиши, онанинг ва ҳомиланинг саломатлиги ультратовуш текшируви, ЭКГ ва бошқа тиббий жиҳозлар воситасида ўрганиб чиқилди. Тажрибали шифокорлар кўрик якунларига қараб ҳомиладорларга тегишли тавсия ва маслаҳаатларини бердилар.
Шундан сўнг маданият маркази залида анжуманнинг назарий қисми бошланди.Уни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, вилоят прокуратураси бўлим прокурори Достонбек Камоловлар эзгу мақсадни кўзлаб йўлга қўйилган тиббий тадбирнинг аҳамияти ҳақида тушунча бердилар.
- Бу жараённи ташкил қилишдан мақсад - туғиш ёшидаги аёллар ва чақолоқлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш йўли билан оналар ва гудаклар ўлимининг олдини олиш,-дейди вилоят прокуратураси бўлим прокурори Достонбек Камолов. – Дастлабки босқичда барча шаҳар ва туманларда яшовчи кам таъминланган оилалардаги ҳомиладор аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат кучайтирилади, кейин бу хайрли ҳаракатга вилоятимиздаги ҳамма туғиш ёшидаги опа-сингилларимиз жалб этилади.
Туғулажак фарзандларнинг соғлом дунёга келиши кўп жиҳатдан онанинг саломатлигига боғлиқ. Слайдлар воситасида таниқли мутахассислар ўқиган маърузаларда ана шу муҳим омилга алоҳида урғу берилди. Жумладан, вилоят перинатал маркази акушер-гинекологлари - тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаева, Шаҳноза Раҳимжонова, Дилфуза Жамолиддинова, Ҳурматой Турдиллаева, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази педиатри Сайдулло Турғуновлар ҳомиладор аёл ҳаёт шароити, гигиенаси, ҳомиладорликнинг хавфли кўринишлари, ҳомиладорликда овқатланиш тартиби, болаларда умумий хавф белгиларини изоҳлаб бердилар.
Тиббий–ижтимоий тадбир давомида қатнашчиларга турли касалликлардан сақланишга оид тарқатма материаллар, ҳомиладор аёлларга ғоят зарур бўлган дори-дармонлар улашилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.