Мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштириш борасидаги кенг қамровли жараёнлар барча соҳаларда кузатилмоқда. Албатта, тиббиётда ҳам. Хўш, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада яхшилашга йўналтирилган саъй -ҳаракатлар қандай самара бермоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

- Солижон Жалилович, сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза этиш масаласи давлат сиё­сатининг энг эътиборга молик даражасигача кўтарилди. Наманган вилоятида соғ­лиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида ҳаётга тадбиқ этилган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан охирги икки йил ичида қандай ишлар амалга оширилди?

- Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимиз тиббиётида кечаётган изчил ислоҳотлар самаралари вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизими фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Аввало, тиббиётнинг бирламчи бўғинида туб ўзгаришлар ясалди. Илгари самарасиз ва қониқарсиз фаолият кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилди. Улар ўрнида аҳоли учун ғоят қулай бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари вужудга келди. Айни пайтда вилоятимиз қишлоқларида 62 та оилавий поликлиника аҳолига хизмат қилмоқда. Уларнинг иш вақти ҳам узайтирилган. Энди ҳамюртларимиз эрталаб соат 8 дан то 20 га қадар бирламчи бўғин хизматидан баҳраманд бўлишмоқда. Бугина эмас, илгариги ҚВПлардан фарқли равишда оилавий поликлиникаларда 6 йўналишдаги тор соҳа врачлари иш олиб бормоқда.

Соғлиқни сақлашни шошилинч тиббий хизматсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу йўналишдаги фаолият ҳам узлуксиз тараққий этиб боряпти. Биринчи нав­батда соҳа моддий-техник имкониятларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, хизмат автотранспорт парки янгиланмоқда. Бугунги кунда 210 та тез тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд. Ўтган йиллар мобайнида санитар автомашиналарининг деярли ярми янгиланди, хатто ҳорижда ишлаб чиқарилган замонавий "Ниссан", "Хундаи" реаномобиллари эл хизматида.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, тез тиббий ёрдам бригадаларининг дори-дармон учун бир чақириққа сарфланадиган маблағ миқдори 2017 йилда 1065 сўмни ташкил этган эди. Ўтган йилда эса 5500 минг сўмга етди ёки қарийб 5 маротабага оширилди.

Илгари тизим муассасалари бинолари бугунги кун талабига мос келмай қолганди. Эндиликда уларни қайта қуриш ва янгиларини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 64 миллиард сўм бюджет маблағи бу хайрли ишга йўналтирилди. Шунингдек, "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида 8 миллиард 500 миллион сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Маҳаллий бюджетдан ҳам катта миқдорда маблағ ажратилди. Жорий йилнинг ўзида яна кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Оналик ва болалик муҳофазаси, патронаж хизматини яхшилаш борасида ҳам ижобий силжишлар бор.

Бундан ташқари тиббиёт муассасалари бино ва иншоотларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари кўлами ортганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

- Маълумки, вилоятимиздаги энг нуфузли олий даргоҳ - Наманган Давлат университети ва Урал Давлат тиббиёт университети ўртасида соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу борадаги кутилаётган натижа қандай ва шу кунгача қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? Умуман, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш қай тартибда кечаяпти?

- Вилоятдаги шифокор етишмовчилигининг бартараф этиш мақсадида Россия Федерациясининг Свердловск вилоятидаги Урал давлат тиббиёт университети билан шартнома имзоланган. Унга кўра жорий йилда мазкур олийгоҳнинг Наманганда филиали очилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозир вилоятда бу муҳим ишга тайёргарлик кўриляпти. Жумладан, вилоят ҳокимининг 2019 йил 10 майда "Наманган шаҳар 2-тиббиёт коллежи ўқув бино ва иншоотларининг бир қисмини Наманган давлат университетига фойдаланиш учун бериш тўғрисида"ги 350-сонли қарори чиқарилиб, ушбу қарор асосида тиббиёт коллежининг ўқув биносининг маълум қисми Наманган давлат университетига доимий фойдаланиш хуқуқи билан бепул берилди.

Ўтган йиллар давомида салкам икки минг нафар шифокор республика тиббиёт марказларида ва 150 нафардан зиёд врачлар хорижий давлатларнинг нуфузли тиббиёт марказларида ўз касбий малакаларини ошириб келишди. Жорий йилда ҳам яна 1050 нафар шифокор пойтахт клиникаларида ва 100 нафар врач чет элнинг таниқли тиббиёт марказларида малака ошириши режалаштирилган.

- Беморлардаги ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари Ҳиндистон, Россия, Германия ва Корея каби давлатларда амалга оширилади. Бу жуда катта маблағ ва вақт дегани. Бундай жарроҳлик амалиётларини вилоятимизда амалга ошириш учун ҳаракат борми? Бўлса, бу тиббиётнинг айнан қайси йўналишларида?

- Шуни мамнуният билан қайд этишни истар эдим, яъни вилоят кардиология марказида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ва қатор нодавлат тиббиёт масканларида бу борада муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, вилоят кардиология марказининг ўзида пойтахтимиздаги клиникалар ва Россия Федерацияси нуфузли тиббиёт марказлари таниқли олим-шифокорлари иштирокида ўнлаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Коронарография, коронар қон томир ва периферик қон томирлар ангиопластикаси ва стентлаш амалиёти, юрак туғма ва орт­тирилган нуқсонларида баллонли вальвулопластика ва окклюдер им­плантацияси амалиётлари кенг миқёсда қўлланиб келинмоқда.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам қатор мураккаб операция­лар йўлга қўйилган. Яъни суяк синиқлари ва касалликларини даволашда блокловчи интрамедулляр остеосинтез, суяк усти пластиналари билан блокловчи остеосинтез, йирик бўғимларни эндопротезлаш, умуртқа поғонаси касалликларини транспедикуляр мосламалар, шунингдек реконструктив ва пластик операциялар олиб борилмоқда.

Вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансерида ҳам бир вақтни ўзида ВАТС бўйича 2 томонлама ўпка резекцияси,транстернал трансмедиал окклюзия, ўпкани комбинирлашган резекцияси, ўпкани комбинирлашган резекцияси субтотал плевроэктомияси билан ва бошқа ўта қийин жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйилиши натижасида беморларнинг республика марказларига бориб ортиқча овора бўлишларининг олди олинди.

Онкология ва эндокринология соҳаларида ҳам бундай янгиликлар жорий этилмоқда. Лекин, хали олдимизда қилинадиган ишлар талайгина. Хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш чоралари кўрилмоқда..

- Аксарият ҳолатларда замонавий ва чуқур тиббий таҳлиллар ўтказишга мўлжалланган мавжуд диагностика марказларида хизмат нархи жуда қиммат экани беморларга ноқулайлик туғдиради. Бу йўналишда аҳолига арзон, замонавий ва сифатли тиббий хизматни ташкил этиш мумкинми?

- Ҳозирда бирламчи тизим, яъни, барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида барча тиббий диагностика, стационар ва амбулатор хизматлар бепул. Вилоят шифохоналарининг айримларида аралаш молиялаштириш тизимида тиббий хизматлар кўрсатилади, мазкур муассасаларда ҳам аҳолининг имтиёзли қатламларига тиббий хизматлар бепул кўрсатилади.

Хизмат нархларини белгилашда, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи талаблари асосида пуллик тиббий хизматлар калькуляция­си шаклланади, бунда тиббиёт муассасининг барча харажатлари инобатга олиниб, атиги 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда рентабеллик даражаси белгиланиши кўзда тутилган.

Республикада хусусий тиббиёт муассасаларини янада кучайтириш, ху­су­сий секторга бўлган эътиборни ошириш, янги ташкил этилиши кутилаётган хусусий тиббиёт муассасаларига барча имкониятларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Бундан асосий мақсад тиббиёт соҳасида соғлом рақобатни яратиш орқали аҳолини талаб ва таклифларидан келиб чиқиб нархларни белгиланиши натижасида тиббиёт соҳаси бозор коньюктурасини мувофиқлаштиришга эришилади ҳамда кўрсатиладиган хизматлар сифати юқори чўққига кўтарилади.

- Кейинги йилларда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятида ижобий ўзгаришлар сезилмоқда. Бу борада соҳа вакилларига қандай имтиёз ва имкониятлар берилган?

- Вилоятда тиббиётнинг хусусий тармоғи ҳам муттасил ривожланиб боряпти. Ўтган йилнинг ўзида улар сафига 321 та янги нодавлат муассаса қўшилганлиги ҳам ижобий ҳолдир. "Ойдин шифо", "Анамед" каби нуфузли хусусий тиббиёт масканларида жорий қилинаётган инновация­лар, татбиқ этилаётган замонавий технология­лар вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда ҳавас уйғотаётганлиги ҳақиқат.

Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар кўлами ортади.Қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Яъни, 25 та янги хусусий даволаш муассасаси очилади. 20 дан ортиқ нодавлат тиббиёт муассасаларининг тиббий фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бу мақсадлар амалга оширилиши билан қўшимча 5 мингга яқин иш ўринлари яратилади.

- Соҳада эришилаётган ютуқлар салмоғи юқори, бироқ замон талабига жавоб бермайдиган тиббиёт муассасалари йўқ эмас. Бу муассасаларда хизмат сифати ҳам кўнгилдагидек эмас. Бундай ҳолга барҳам бериш учун қандай чоралар кўрилаяпти?

- Фикрингизга қўшиламан. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар баробарида аҳолига малакали ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалиб боряпти. Бироқ ҳали фаолиятда кўнгил тўлмайдиган айрим жиҳатлар ҳам кўзга ташланиб турибди. Баъзи ҳолларда булар одамларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Вилоятда психиатрия хизмати, онкология ва эндокринология хизматларини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Вилоят онкология диспансери энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Вилоят асаб руҳий касалликлар шифохонаси реконструкция қилинмоқда. Вилоят эндокринология диспансери учун янги бино қурилди.

Туғруқ комплекслари ишини янада яхшилаш ва болаларга хизмат кўрсатадиган муассасаларни ривожлантириш ҳам диққатимиз марказида. Мисол учун вилоят марказида янги туғруқ комплекси ва болалар шифохонаси ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Аҳолига қулайлик яратишнинг янги имкониятлари қидириб топилмоқда. Бу ўринда мамалакатимизда биринчилардан бўлиб "Мобиль поликлиника" хизмати жорий этилди. Энг малакали шифокорлардан иборат гуруҳ мазкур тузилма таркибида вилоятнинг энг чекка қишлоқлари аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кун ҳар жиҳатдан изланишни талаб этади. Шунинг учун ҳам бошқарма иш услубига жиддий ўзгартишлар киритилди. Яъни бош мутахассисларимиз аксарият ҳолларда шаҳар ва туманларда фаолият олиб боришяпти. Мақсад тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиника ва ҚВПлар ишини талаблар даражасида ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда маҳаллий шифокор ва ҳамшираларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндошишларига эришишдан иборат.

Шу кунгача барча ҳудудларда мониторинг ва амалий ёрдам бериш ишлари ташкил этилди. Ўрганишлар пайтида аниқланган камчиликлар жо­йида бартараф этиляпти. Шу билан бирга фаолиятида совуққонликка, лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўйган тиббиёт ходимлари интизомий чорага тортилаётир. Баъзи ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда.

- Яқин вақт ичида тиббиёт тизимида биз қандай янгиликларга гувоҳ бўлишимиз мумкин?

- Аввало соҳага инновацияларни татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш кўзда тутилмоқда. Биринчи навбатда фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даркор. Айниқса, "Электрон поликлиника" тизимини тўлиқ йўлга қўйиш чоралари кўрилади.

Тиббиёт соҳасини такомиллаштиришда чел эл инвесторлари билан ҳамкорликни кучайтиришга устувор аҳамият қаратилади. Бинобарин, ҳозир самарасиз ишлаётган тиббиёт масканларини хориж сармоядорларига бериш режаси тасдиқланган. 5 та объект давлат хусусий шериклиги тамойиллари асосида тадбиркорлик субъектларига берилади.

Наманган шаҳрида Буюк Брита­ния­нинг "Metaco LLS" компанияси 5 миллон АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиб, сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморларни даволовчи шифохона очиш ишлари бошланган. Шу компания ҳамкорлигида Тўрақўрғонда қиймати 2 миллон АҚШ доллари ҳисобидаги гемодиализ ва нефрология бўлими очиш мўлжалланган. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Давр шитоб билан ўзгармоқда, замон билан ҳамқадам юриш давр талаби. Шундай экан, келгусида улкан режаларимиз бор. Аввало соҳага инновацияларни жадал равишда олиб кириш, янги технологияларни жорий этиш устида ишлаяпмиз. Умид қиламизки, аҳолини тиббий хизматдан рози қиладиган даражада иш ташкил этиш борасидаги астойдил саъй-ҳаракатларимиз яқин орада ўз мевасини беради.

Абдулла ҒОЗИЕВ ёзиб олди.