Жаннатмакон диёримизнинг ҳар бир гўшаси ўзининг файзу жозибасига эга. Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, уларга таъриф берилади. Бинобарин, Наманганни гуллар ўлкаси, дея аталишида ҳам чуқур маъно бор. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоятда гулчиликни ривожлантиришга айниқса устувор аҳамият берилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу эзгу саъй-ҳаракатларнинг маҳсули эса Наманганда бошланган 59-анъанавий «Гуллар байрами» асносида янада яққолроқ намоён бўлаётир.
Ҳа, айни кунларда жаҳон гул шайдоларининг нигоҳи жонажон Наманганимизга қаратилган, десак асло муболаға эмас. Вилоятимиз марказида бўлиб ўтаётган фестивал даражасидаги байрамни кўплаб хорижлик ҳамкасбларимиз узлуксиз ёритиб боришмоқда. Россия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизга ташриф буюришган. Улар телевидение кўрсатувларида ёки радио эшиттиришларида ҳам, газеталар ва Интернет саҳифаларида ҳам Наманган «Гуллар байрами» довруғини достон қилишмоқда.
Бу йилги айёмнинг янада фусункор ва тароватли чиқишида бутун вилоятимиз аҳли қатори вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасалари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор, албатта. Бугун қайси бир шифохонага, поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига кирманг, бетакрор гуллар эътиборингизни тортади. Гулчилик соҳасида ҳам тиббиётчилар анойи эмасликларини уларнинг Гул байрамидаги фаол иштироки яққол тасдиқлаб турибди.
Гўзаллик шодиёнасининг ўзига хос таровати, завқу шавқи шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланган гуллар карвони чоғида ажиб бўйи бастини кўрсатди. Халқаро аэропортдан то Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғигача бўлган масофани Наманганда парваришланган анвойи гуллар билан безатилган мотоцикллар, автомашиналар, тракторлар, комбайн ва махсус техникалар минг-минглаб шаҳарликлар ва меҳмонларнинг кўз ўнгида тантанавор мусиқа садолари остида босиб ўтди. Улар орасида гулга чулғанган тез ёрдам автомашинаси ҳам бор эди. Ҳар бир соҳанинг гулчиликка меҳри-ю муносабати мазкур карвонда ўз ифодасини топганди, гўё.
Фестивалнинг энг эътиборли, дилтортар манзараси шубҳасиз маданият ва истироҳат боғида мужассамлашгандир. Боғнинг бу қадар кўркам ва жозибали, ҳайрат уйғотадиган даражага етказиш учун кўп меҳнат қилинган. Жаҳон гулчилиги тажрибаларида қандай ютуқлар бўлса, уларнинг ҳаммаси шу сайлгоҳда қўлланилган. Ўз навбатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар ходимларининг зўр иштиёқ ва астойдил изланишлари баробарида ажратилган ҳудудлар чиннакам чаманзорга айлантирилган.
- «Гуллар байрами» мазмундорлигини янада ошириш учун дизайн ва манзаралар яратишда янги ғояларга асосландик, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Нурмуҳаммад Турғунов. - Авволо, ҳудудда тиббиёт маъно-мазмуни уфуриб туриши учун тасвирий тарғиботга урғу бердик. Кўҳна тарихимизни гавдалантириш учун Самарқанд обидаларини гуллар воситасида гавдалантирдик. Бризент матога тувакчалар ўрнатиб, уларнинг ҳар бирига гуллар экдик. Умуман, томошабинларни ўзига ром этаётган "Боғи Эрам"га қиёслагулик майдонда 17 турдаги 35 минг туп гул парваришланмоқда. Бу эзгу ҳаракатда РШТЁИМ филиали,"Пахталикўл" сиҳатгоҳи, вилоят наркология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси ва бошқа муассасалар аҳлининг катта ҳиссаси бор.
«Гуллар байрами» 1 июнга қадар давом этади. Унинг файзу-тароватидан баҳраманд бўлай десангиз, З.М.Бобур номли боғга боринг!
Абдулла ҒОЗИЕВ.