Маълумки, якунланаётган май ойида ўрта тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларининг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, улар орасида самарали меҳнат қилиб, қатор ютуқларга эришиб келаётган илғорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" кўрик-танлови ўтказилди. Унда вилоятимиз ҳамширалари ҳам турли номинациялар бўйича фаол иштирок этишиб, нуфузли ўринларга эга бўлишди.
Ана шу муносабат билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида ғолибларни тақдирлаш маросими уюштирилди. Тадбирни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев олиб борди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда ўзларининг самарали меҳнатлари билан халқимизга хизмат қилаётган вилоятимиз ўрта тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклар экан, ҳамшираларнинг билим ва заковати, зукколиги ва юксак салоҳияти билан республикада ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга бўлаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Айниқса, "Ҳамшира - 2019" кўрик-танловининг Республика босқичида ҳам 1-ўринни эгаллаган Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттоеванинг номи фахр билан тилга олинди.
Шунингдек, 12 май - Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан ўтказилган "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" кўрик - танловининг Республика босқичида "Энг яхши фельдшер - лаборант" номинацияси ғолиби, вилоят давлат санитария эпидемиология назорати маркази лаборанти Муборак Якуббаева ва мазкур танловда "Энг яхши патронаж ҳамшира" номинацияси ғолиби, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 51-қишлоқ оила поликлиникаси ҳамшираси Наима Ваҳобжоноваларга Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичида 11 турдаги номинацияларда фаол иштирок этиб, 1-2-3 ўринни эгаллаган ўрта тиббиёт ходимлари ҳам алоҳида тақдирландилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.