Вилоятимизда ҳам қутлуғ сана - Хотира ва Қадрлаш кунига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимлари Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган фидойи инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Наманган шаҳридаги "Ҳақиқат" маҳалласининг ўзида икки нафар табаррук инсон умргузаронлик қилмоқда. Салкам юз ёшли Жакбарали ота Содиқов ва Шарифжон ота Нуриддиновларнинг саломатлиги доимо 4-оила поликлиникаси шифокорлари назоратида.
Қутлуғ айём арафасида маҳалланинг энг обрўли ва улуғ инсонлари яшайдиган хонадонларга Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Бойдадаев раҳбарлигидаги саломатлик посбонлари ташриф буюришди. Умумий амалиёт шифокори Насиба Абдуллаева, ҳамшира Муҳайё Ортиқовалар нуронийларнинг соғлиғини текшириб кўришди. Поликлиника мудири Зуннурхон Адҳамов эса патронаж хизматининг ҳолати билан танишди.
- Амир Темур кўчасида яшовчи Маматтош ота Паттоев билан уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг соғлиғини мунтазам кузатиб борамиз. Уйда улар учун махсус патронаж хизматлари йўлга қўйилган. Зарур ҳолларда поликлиниканинг тажрибали мутахассислари улар ҳузурига етиб келишади. - дейди З.Адҳамов.
Эл эъзозидаги инсонлар кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан беҳад мамнунлар.
- Шундай тинч ва дориломон кунларга етказганига минг бор шукр, - дейди Шарифжон ота. - Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг чеки йўқ. Ҳозирги авлод биз бошдан кечирган мусибату машаққатларни асло кўрмасин. Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимовнинг маълумот беришича, бугунги кунда Наманганда 48 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор. Уларнинг энг ёши 93 баҳорни кўрган. Шунинг учун ҳам кекса отахон ва онахонларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Алоҳида патронаж ҳамширалари бириктирилганлиги боис мўътабар қарияларимиз соғлом, тетик ва бардам ҳаёт кечирмоқдалар.
Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шарифжон ота Нуриддинов хонадонига ташриф.