Учқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган амалий семинарда шу ҳақда фикр юритилди. Унга вилоятимиздаги шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари координаторлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар мудирлари таклиф этилди.
Учқўрғонда ташкилланган анжуманда бу йўналишдаги ибратли ишлар тарғиб қилинди. Аввало, соғлиқни сақлаш муассасаси таъмирлашдан сўнг кўркам қиёфага келтирилган. Унда бугунги кун тиббиётининг замонавий жиҳатлари ўз ифодасини топган. Хизмат кўрсатишдаги янги технологиялар беморларга ҳам, шифокорларга ҳам катта қулайлик туғдирмоқда. Айниқса, "Электрон поликлиника" тизимига ўтилганлиги боис тирбандликка барҳам берилган. Бемор қайси шифокорга қачон мурожаат этиши ҳақида олдиндан билади. Семинарга келганлар умумий амалиёт шифокори Одина Дадахонованинг янгиликни қўллаш борасидаги тажрибаси билан танишдилар.
Қатнашчиларга "Аёллар маслаҳатхонаси" ва "Қизлар саломатлик маркази"нинг фаолияти, перинатал скрининг хонасидаги яратилган шароитлар кўрсатилди. Акушер-гинекологлар Дилдора Жўраева, Муҳаррам Мирзараҳмоновалар, УТТ мутахассиси Соҳиба Тошбоевалар аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилаш, соғлом авлодни вояга етказиш мақсадидаги эзгу саъй-ҳаракатлар хусусида сўзлаб беришди.
Туман тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида кечган йиғилишда ҳам бугунги кун кўп тармоқли марказий поликлиникаси қандай бўлиши ва қай тартибда фаолият кўрсатиши ҳақида мулоҳаза юритилди. Анжуманни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Анваржон Абдураҳмонов олиб борди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кириш сўзида давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт соҳаси олдига қўйилаётган залворли вазифалар, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
ТТБ координатори Нилуфар Арзиқулова слайдлар воситасида кўп тармоқли марказий поликлиника хизматини йўлга қўйилиши, жорий қилинаётган янгиликлар ҳақида батафсил маъруза қилди. Поликлиника мудири Манзура Азизова хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган изланишлар юзасидан тушунча берди. Қонунчилик, меъёрий ҳужжатларда қайд этилган вазифалар ижросини қатъий таъминлаш баробарида фаолият натижадорлиги ортаётганлиги қайд этилди.
Мунозараларда сўзга чиққан Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Фарида Умарова, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси координатори Насиба Раҳмонова ва бошқалар бирламчи тизим ишини намунали йўлга қўйиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.