Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018 - 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори қандай бажарилмоқда? Вилоят "Она ва бола скрининг" маркази директори Матлуба Жамилова мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
- Мамлакатимизда она ва бола саломатлиги доимо эътиборда. Кейинги йилларда бизнинг марказ ҳам замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланди. Бу эса ирсий касалликлар профилактикаси ва уларни даволашни юқори даражага кўтариш, болаларнинг оғир ногиронликка ва ўлимга олиб келадиган ирсий касалликлар ва ривожланишдаги туғма нуқсонлар билан туғилиши хавфини сезиларли камайтирди.
Айниқса, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни перинатал скрининг билан оммавий қамраб олиш чоралари кўрилмоқда. Хавф гуруҳига киритиладиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текшириш босқичма-босқич жорий этилиши ҳамда перинатал ва неонатал скрининг текширувларини ўз вақтида таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникалари перинатал скрининг хоналари ташкил қилинди. Улар замонавий мебеллар, оргтехника ускуналари ва интернет алоқа воситалари билан жиҳозланди. Шунингдек, улар замонавий УТТ "Voluson P8" аппаратлари билан таъминланди.
Ўтган йил бошидан фаолият бошлаган перинатал скрининг хоналарида ҳомиладор аёллар яшаш ҳудуди бўйича ташриф жадвали асосида кўрикдан ўтказиляпти. Бу эса аҳолига янада қулайлик туғдирди. Уларнинг вақти ва ортиқча сарф-харажатлари тежалди. Энди шаҳар ва туманлардаги скрининг хоналарининг ўзида ҳомиладаги ривожланишнинг туғма нуқсонларини эрта муддатларда аниқланяпти. Туғишга мутлоқ моънелиги бор аёллар аниқланган тақдирда, улар ҳаётига ҳавф солувчи ҳомиладорлик, туғруқ ва туғруқдан кейинги салбий холатларнинг олдини олиш учун вилоят скрининг марказида қўшимча текширувдан ўтказилиб, нуқсонли ҳомилалар эрта муддатларда тўхтатиляпти.
Марказимиз ходимлари томонидан аҳоли орасида эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аёллардаги экстрагенитал касалликлар асорати, вақтида скрининг мутахассисларини маслаҳатларидан ва текширувларидан ўтишнинг афзалликлари, туғма нуқсонларнинг олдини олишдаги аҳамияти борасида доимий тарғибот - ташвиқот ишлари йўлга қўйилмоқда.
Манзура ЭРГАШЕВА
ёзиб олди.