Ўрта бўй, буғдой ранг, юзу кўзларидан шукроналик ёғилиб турган, оппоқ халат ўзига жуда-жуда ярашган аёлни бир чақирим нарида бўлса ҳам исковотликлар дарҳол танийдилар. У - ўз билими, кучи ва маҳоратини, керак бўлса умрини элу юрт соғлиги йўлида сарфлаётган, ҳамқишлоқларининг дардини дардим, ташвишини ташвишим, дея нафас олаётган, моҳир раҳбар, билимдон врач ва ташаббускорлиги, ҳалол ва фидойи меҳнати туфайли Президентимизнинг шу йил 6 март кунги Фармонига кўра II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланган, исковотдаги 7 та маҳаллада яшайдиган 20 минг нафар аҳолига, жумладан, 2 та МТМ ва битта коллеж жамоасига тиббий хизмат кўрсатадиган 59-сонли оилавий поликлиниканинг бош врачи - Малика Эралиевадир.
Мақоламиз қаҳрамони 1963 йили Исковот қишлоғида таваллуд топган. У Ачаби аядан турли эртак, достон, ривоятларни тинглаб, улғаяр экан, "Келажакда, албатта, шифокор бўламан" деган ниятни дилига тугиб қўйган эди. 1981 йили 16-ўрта мактабни "Олтин медаль" билан битиргач, Андижон давлат тиббиёт институтига ошиқди. Барча имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, биринчилар қаторида талабаликка қабул қилинди.
Мақсади йўлидаги илк довондан зафарли ўтган Малика талабалик даврида билим олишга янада астойдил шўнғиди. Шу боис у 1987 йили институтни ҳам аълога битириб, Наманган шаҳридаги 2-болалар поликлиникасида ҳеч бир қийинчиликсиз врач-ординатор сифатида фаолият юрита бошлади. Касбига меҳр ва садоқати, беморларга ширинсўзлиги, вазифасига виждонан ёндашиши, камтар ва камсуқумлиги боис қисқа вақт ичида жамоадошларининг ҳурматига мушарраф бўлди.
Намангандаги икки йиллик хизмати давомида даволашнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштирган, муолажа борасида етарлича малака ва тажриба тўплаган Малика Эралиевани ўзи туғилиб ўсган қишлоғидаги Зарбдор участка шифохонаси ва амбулаториясига ишга юборишади. У энди ҳамқишлоқлари саломатлиги посбонига айланади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳукумат қарори билан 2009 йили Исковотдаги амбулатория ўрнида қишлоқ врачлик пункти очилади. Янги муассасага М. Эралиевани мудир этиб тайинлаганида туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари хато қилмаган эди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ўқиб, тиббиётнинг замонавий даволаш усулларини пухта ўрганиб келган мудира фидойилик билан ишини давом эттирди. Ўзигагина талабчан бўлмасдан, жамоадошларидан ҳам эл соғлиги йўлида жонбозлик кўрсатишни талаб қилди. Бунда, аввало, ўзи ибрат кўрсатди. Натижада беморларга муносабат ижобий томонга тубдан ўзгарди.
Малика Эралиева етакчилик қилаётган мазкур саломатлик масканига 2012 йилнинг эрта баҳорида ташриф буюрган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ҳам жамоанинг фаолиятига юксак баҳо бериш баробарида ҚВП учун янги бино зарур эканлигини алоҳида таъкидлади ва ўша йилнинг октябрь ойида барча қулайликларга эга, замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан жиҳозланган 17 хонали, шинамгина саломатлик маскани бунёд этилди. Ноябрь ойида эса "Энг намунали ҚВП" номинацияси бўйича Республикада олий ўринга сазовор бўлди. Зарбдор ҚВП жамоаси "Дамас" автомашинаси билан тақдирланди. Шунингдек, улар республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғаларини олдилар.
- Қишлоғимиз аҳли учун шундай кўркам ва барча қулайликларга эга бўлган бино қурилишида амалий ёрдам берганликлари учун, аввало, ҳукуматимиз ва туман раҳбариятига ташаккуримни айтмоқчиман, - дейди биз билан суҳбатда М. Эралиева. - Қолаверса, камтарона меҳнатимни юксак қадрлаганлари учун Президентимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Айтиш жоизки, поликлиникамизда фаолият юритаётган ўн нафар олий ва ўттиз беш нафар ўрта махсус маълумотли мутахассисларимиз билан "Даволашдан кўра беморликнинг олдини олиш муҳимроқ" шиори остида ишлаймиз. Поликлиникамизда замонавий ЭКГ аппарати, зарарсизлантириш ва лаборатория таҳлилхоналари, тўрт ўринли кундузги шифохона мавжуд. Ўз вақтида мурожаат қилаётган беморларимиз тезда дардларига даво топмоқдалар.
Биз мазкур саломатлик масканини кўздан кечирар эканмиз, 6 сотихли ҳудуддаги тозалик, саранжом-саришталик, мевали ва манзарали дарахтларнинг яшнаб тургани, турфа гуллару кўкатларнинг баравж ўсаётгани, беморларни қабул қилаётган врачларнинг хизмат маданияти, ширинсўзлигию талаб даражасида кийинишганидан ғоят мамнун бўлдик.
Бир гуруҳ беморлар билан суҳбатимиз жараёнида амин бўлдикки, жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини талаблар даражасида бажариш ҳаракатида. Кўпчилик мудира Малика Эралиеванинг муваффақиятлари ҳақида сўзлашни хуш кўришлари баробарида Рустамхон Кароматов, Ҳасанбой Нуриддинов ва Мушаррафхон Ҳамрохўжаева каби даволовчи врачларнинг, катта ҳамшира Мунира Сатторова ҳамда ҳамшира Зиёда Раҳматуллаеваларнинг номларини алоҳида ҳурмат билан тилга олишди.
Ҳамиша орасталикни ёқтирадиган, ходимларию беморларга бирдай меҳрибон, қатъиятли етакчи, беш нафар фарзанднинг волидаи муҳтарамаси, катта оиланинг ардоқли бекаси, яна ходимлари айтганидай, дилкаш инсон Маликахон шунча масъулиятли вазифаларни қандай уддалаётган экан, ёки...
- Маликахонни келин қилганимда ҳали институтда ўқирди, - дейди қайноталари Содиқжон бува Зокиров. - Катта қизи туғилганида кампирим Андижонга бориб, ёрдамлашиб турган. Хуллас, ҳамма болаларини ўзимиз бирга-бирга улғайтирганмиз. Келиним ақлли ва меҳрибон. Жуда аҳилмиз. Умридан барака топсин. Ҳар қандай эркак аёлини, қайнота ва қайнона келинининг келажаги учун, оилада тўкис ҳаёт бўлиши учун имкон қадар кўмак бериши керак. Илоё ҳаммага менинг келинимдай келин учрасин. Келинимнинг мартабаси бундан-да улуғ бўлсин! Юртимизга, Юртбошимизга асло кўз тегмасин!
Қамбар ХАЙДАР.
Янгиқўрғон тумани.