Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятдаги босма нашрларнинг раҳбар ва журналистлари вилоятда барпо этилаётган Тўрақўрғон ИЭС ва Ахсикент тарихий мажмуасига ижодий сафар уюштирдилар.

Аслида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг ишга туширилишини нафақат наманганликлар, балки Фарғона водийси аҳли сабрсизлик билан кутмоқда. Бу иншоот минтақада электр таъминотидаги муаммоларни енгиллатиш билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятининг юксалишига хизмат қилади.

Журналистлар қурилишнинг бориши, яратилган шарт-шароитлар ва бажарилаётган ишнинг кўлами билан танишиб, корхона бош муҳандиси Нодирбек Насибалиевдан кўп маълумотлар олдилар.

Гувоҳи бўлганимиздек, айни пайтда Тўрақўрғон туманининг кенг адирликларидаги 91 гектар майдонда иншоот қурилиши ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қурилиш майдонида 2116 нафар ишчи-хизматчилар меҳнат қилишмоқда, бундан 480 нафари чет эл ва 1636 нафари маҳаллий фуқаролардир. Қизғин кетаётган жараёнга 86 та махсус техника жалб қилинган. Мутахассислар берган маълумотга кўра, иншоотнинг биринчи энергоблоки шу йил иш бошлаб, водий вилоятларига 450 МВт электр энергияси беришни бошлайди.

* * *

Шу куни журналистлар медиатурнинг мақсадли манзили - Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси давлат унитар корхонасига ҳам ташриф буюришди. Бу ерда Ахсикент тарихий ёдгорлигини тадқиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.

Мазкур ёдгорлик вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортиб бораётганлиги қувонарли ҳол. Қадамжони тадқиқ этиш, унинг жозибадорлигини ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида махсус концепция ишлаб чиқилган. Айни кунда шу асосда Фарғона водийсида ички туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Журналистлар Ахсикент мажмуа бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида дирекция раҳбари Тоҳиржон Қозоқов билан қизғин суҳбат ўтказишди.

Медиатур Ахсикентда баҳсларга, тортишувларга бой, қизиқарли тарзда якунланди.

Саида ИСМОИЛОВА.