Вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам мўъжаз майдончаларни гулзорларга айлантиришга одатланилган. Жумладан, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи аҳил жамоаси ҳам гулчиликни ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшаётир. Сиҳатгоҳни ўз плантациясида парваришлаётган доривор гуллари билан беморлар дардига малҳам қўяётган тиббиёт муассасаси сифатида алоҳида эътироф этиш жоиз.
- 4 сотихли иссиқхонамизда питониянинг турли навларини, календула, чиннигул, гулсапсар, сальвия, гулхайри, гултожихўроз, астра ва бошқа гул навларини етиштирамиз, - дейди бош шифокорнинг хўжалик ишлари бўйича муовини Юсуфжон Мирдадаев. - Ҳозирда уларни гулзорларга ўтқазиб, қаровини кучайтиряпмиз.
Дарвоқе, шифокору ҳамширалар даволанувчиларга ширин сўзию сернаф муолажалари билан дардларига малҳам бўлишаётган бўлса, 7 нафар гулчи ҳовли кўркамлигию, атроф-муҳит ободончилиги учун масъулдирлар. Улар даволанувчиларнинг кўнгилларига гулу-райҳонлар кўрки тароватидан завқу-шавқ улашишмоқда. Раҳбархон Абдураззоқова, Мадина Усмонова, Машрабжон Юсуббоевларнинг бу борадаги меҳнатлари таҳсинга лойиқ.
- 15 йилдан буён шу сиҳатгохда даволанаман, - дейди тошкентлик Абдужаббор Ботирбеков. - Врачлару ўрта тиббиёт ходимларининг малакали хизматларидан фойдаланиш билан бирга, шифохонанинг сўлим ва оромбаҳш табиатидан баҳра оламан. Ҳаммаёқ озода, атиргулу-райҳонлар ифорига нима етсин. Асло қўллари дард кўрмасин наманганлик гулчиларнинг!
- Плантациямизда 20 хилдан ошиқ гуллар бор, энг доривор календула гулини кўпроқ етиштирамиз. Унинг киши организмидаги нафас йўллари яллиғланишининг олдини олишда сернафлиги учун шифокорларимиз даволашда тавсия этишади. Қолаверса, беморлар уйларига рухсат бўлганида ушбу шифобахш гуллардан олиб кетиш имкониятига ҳам эгадирлар, - дейди бош врачнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Аъзамжон Абдуллаев.
Бош врач Тоҳиржон Турдиевнинг таъкидлашича, жамоа вилоятимизда ўтказиб келинаётган анъанавий гул байрамларида бир неча бор юқори эътирофларга сазовор бўлган. Бу йилги анъанавий "Гул байрами"га ҳам қизғин тайёргарлик кўриляпти.
Манзура ЭРГАШЕВА.