Маълумки, мамлакатимизда жорий йил март ойидан бери ҳар ҳафта шанба кунлари спорт-соғломлаштириш тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкилланаётган акцияларда вилоятимиз аҳли, ҳусусан ижтимоий соҳалар вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
- Жисмоний фаолликни тарғиб қилишда соғлиқни сақлаш ходимлари намунаси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам бугунги акцияда жамоамиз фаоллик кўрсатмоқда, - дейди 1-оила поликлиникаси ҳамшираси Мурувват Олимбоева.
Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуида "Саломатлик стартлари" тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги оилавий поликлиника, шифохона ва туғруқ комплекслари саломатлик посбонлари майдонга чиқдилар. Дастлаб ҳамма спорт гимнастрадасига чорланди. Сўнгра арқон тортиш ва арқонда сакраш баҳслари авж олди. Волейбол мусобақаси ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Беллашувларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари вакиллари айниқса фаоллик кўсатдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.