Маълумки, Юртбошимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва даражасини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўлами эса тобора кенгаймоқда. Пировардида соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник базаси муттасил ривожлантириляпти.
Бу эзгу ишларни вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, Инвестиция дастурига мувофиқ ҳар йили ўнлаб тиббиёт масканлари бинолари қайта таъмирланиб, реконструкциядан чиқарилмоқда. Наманган шаҳрида эса вилоят эндокринология диспансери учун янги бино қуриб битказилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари, профессор Зарифа Ҳалимова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги раҳбари Алишер Инақовлар соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар эндокринология хизматини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар баробарида эришилаётган натижалар хусусида батафсил тўхталиб, фойдаланишга топширилаётган тиббиёт маскани юксак салоҳияти билан бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишига умид билдирдилар.
Рамзий лентани анъанага кўра тиббиёт фахрийлари, маҳалла оқсоқоллари қирқиб беришди. Шундан сўнг тадбир қатнашчилари замонавий лойиҳа асосида барпо этилган тўрт қаватли кўркам ва шинам шифохонанинг шароитлари билан танишдилар. Маълумки, қирқ йил аввал ташкил этилган диспансер мослаштирилган ва таъмирталаб биноларга жойлаштирилган эди. Бу эса даволаш ишлари сифатига таъсир қилмасдан қолмасди.
Ихтисослаштирилган даволаш муассасаси биноларини қуриш 2017 йилда бошланган эди. Пудратчи ташкилот - "Файзиобод само сервис" масъулияти чекланган жамият бинокорларининг астойдил меҳнатлари билан қисқа фурсат ичида мана шу кошонасифат шифохона биноси қад ростлади. Объектга давлат бюджетидан салкам 15 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилганлиги ҳам қурилишнинг миқёси улкан эканлигидан далолат бериб турибди. Унда ҳозирги давр бинокорлигининг энг мукаммал усулларидан қўлланилган.
Дарҳақиқат, эски ва янги бинолар ўртасидаги кескин фарқ эндиликда хизмат даражаси қанчалар юксалганлигини кўрсатади. Илгари муассасанинг беморлар сиғими атиги 110 ўринни ташкил қилар эди. Эндокрин касалликларига чалинганлар сони ортиб бораётган бир пайтда бу ҳолат қийинчиликларни келтириб чиқараётганди. Тўрт қаватли янги бино эса 160 ўринга мўлжалланган. Биринчи қаватда жойлашган маслаҳат-диагностика бўлимининг ўзи эса кунига 150 нафар беморга хизмат кўрсатади. Ихтисослашган бўлимлар сони ҳам ортган. Яъни, энди жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиреодология ва диабетология-нефрология бўлимлари мавжуд. УЗИ ва рентгент хизматлари йўлга қўйилган. Лабораторияда клиник ва биохимик, гармонал таҳлиллар олиб борилади. Беморларга хизмат қилувчи тизимлар мукаммал ишлашга шай. Юқори қаватга кўтарилиш учун лифтлар ўрнатилган.
- Диспансеримиз бугун янги давр талаблари, юксак андозалар даражасида хизмат кўрсатувчи замонавий тиббиёт масканига айланди, - дейди бош шифокор, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов. - Яқин орада энг такомиллашган тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланамиз.
Ўз мухбиримиз.