Вилоят эндокринология диспансери шифокорларининг Наманган туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳузурида ўтказган давра суҳбати ана шу мавзуда бўлди. Унда диспансернинг олий тоифали врачи Мусохон Ҳамидов ҳамда шифокорлардан Зарифа Қўлдошева, Наима Абдуманноповалар йод етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган муаммолар тўғрисида тўхталдилар.
- Ҳозир жаҳоннинг 2 миллард нафардан зиёд аҳолиси йод етишмайдиган ҳудудларда истиқомат қилади ва 43 миллион нафарга яқин киши ақлий заифликдан азоб чекмоқда, - деди Мусохон Ҳамидов. - Уларнинг аксариятини болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёллар ташкил этади. Қалқонсимон без меъёрида ишласа биринчи навбатда организмдаги оқсил ишлаб чиқариш вазифасини қийналмасдан адо этади, ҳомиланинг мияси тез ривожланади ва ўсиш жараёни тезлашади, ақлий қобилиятида эса сифат ўзгаришлари кузатилади.
Тадбир якунида шифокорлар мактаб ўқувчиларини тиббий текширувдан ўтказишди. Қалқонсимон безида ўзгариш сезилган болаларга таркибида йод моддасини сақлайдиган препаратларни ичиб туришни тавсия этишди.
М. АКМАЛОВ.