Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси фаоллар залида "Метаболик синдром, қандли диабет касаллиги ташхиси ҳамда терапиянинг замонавий йўналишлари" мавзуида анжуман ўтказилди. Унда туман марказий шифохонаси врачлари, тумандаги қишлоқ оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари, ҳамширалар, патронаж ҳамширалар, соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Мавзу юзасидан вилоят эндокринология диспансери олий тоифали врачи Мусохон Ҳамидов маъруза қилди. У хасталикни даволашнинг стандарт ва инновацион усуллари, ўткир ва сурункали асоратларни даволаш ва олдини олишнинг махсус услубларини жорий этиш тўғрисида гапирди.
М. Ҳамидов эндокринологик хасталикларга ташхис қўйиш билан боғлиқ ўзгаришлар, тана вазни ортиши даража кўрсаткичлари, қандли диабет билан ёндош касалликларнинг ўзига хос ва умумий белгилари, ҳомила ва гўдаклардаги асоратли гестацион диабетнинг ривожланиш босқичлари, ногиронлиги бор шахсларга давлат томонидан ажратиладиган маблағларнинг ортиб бораётганлигига ҳам тўхталди. Хасталик турлари ҳамда даволаш усулларини таърифлаб берди.