Маълумки, 2018 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Қонуннинг мақсади шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Қонунга кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ҳамда эркиндир. Сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга.

Авваллари фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиси бир вақтда сайланарди. Бу жараён сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда кўплаб қийинчиликни юзага келтирар эди. Жумладан, ҳар бир туман (шаҳар) сайлов комиссиялари раис ва унинг маслаҳатчиси лавозимига минглаб номзодларни кўриб чиқишга мажбур эди. Шунингдек, маслаҳатчиларнинг фуқаролар йиғини раиси билан бир вақтда сайланиши раиснинг фуқаролар йиғини органларини шакллантиришдаги роли ва иштирокини пасайтирарди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда янги қонунга биринчи фуқаролар йиғини раиси сайловини, сайловдан кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилди.

Қонундаги муҳим ўзгаришлардан яна бири- фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг уч йилга сайланиши бўлди. Муқаддам улар икки ярим йилга сайланар эдилар. Мазкур лавозимга номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилади. Ишчи гуруҳи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғини чақирилади.

Сайловларда фуқароларнинг вакиллари бўлиш учун ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш кераклиги қайд этилди.

Эндиликда бу вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак бўлади.

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) кун тартибига, қоида тариқасида қуйидаги масалалар киритилади:

- саноқ комиссиясини сайлаш;

- фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири, эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Илгари сайловлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилар эди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш ўтказилаётганда фуқаролар йиғини иштирокчиларига сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.

Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Фуқаролар йиғини раисининг навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилади. Юқоридаги талаблар асосида муваффақиятли ўтиши учун барча фуқароларнинг фаоллиги катта аҳамиятга эга. Номзод ҳам, сайловчи вакиллар ҳам ҳар жиҳатдан муносиб кишилар бўлишига алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқдир.