Телетиббиёт жуда ҳам зарур ва қизиқарли йўналиш бўлиб, беморларни масофадан туриб тиббий кўрикдан ўтказиш ва аниқ ташҳис қўйиш имкониятини беради.
Шу билан бирга таълим жараёнида шифокор-шифокорга (уста-шогирдига) тамойиллари асосида маҳорат дарслари ҳамда бевосита жарроҳлик амалиётида, даволашда хориж мутахассислари кўмагидан фойдаланишга шароит яратади. Аҳамиятлиси шундаки, телетиббиёт орқали - айниқса қишлоқ жойларда беморлар чекка ҳудудларда туриб ҳам ушбу хизмат туридан фойдаланишлари мумкин.
Телетиббиёт технологияси жудда катта географик ҳудудларни қамраб олиш хусусиятига эга. Баъзан қайсидир малакали шифокор хизматига эҳтиёж сезилса унинг олис масофага етиб бориши қийин кечади. Телетиббиёт воситасида эса тезкорлик билан беморга ёрдам берилади. Яъни, бунда бемор томонидан катта сарф-ҳаражат қилишга ҳожат қолмайди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида телетиббиётни қўллаш борасида айни пайтда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан Ҳиндистоннинг етакчи клиникалари билан шартномалар тузилиб, мутахассислар билан бу технологияларни жойларда тадбиқ этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиалида биринчи бўлиб мазкур йўналишда ишлар йўлга қўйилди. Жиззах шаҳрининг кўп тармоқли тиббиёт марказида телетиббиёт технологияларини жорий этиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратиш, шу орқали аҳолига вақт ва масофадан чекланмаган кўламда сифатли тиббий хизматни ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Муҳаббат ДАДАБОЕВА,
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий
палатаси Наманган вилояти ҳудудий
бўлинмаси мутахассиси.