Зуҳрахон тартибни хуш кўрадиган аёл. Ҳар доимгидек бугун ҳам ишга барвақт келиб, эндигина иш столига ўтирган эди ҳамки, ёшгина ҳамшира қиз кўринди.

- Мумкинми,опажон?

- Келинг синглим, хўш хизмат?

- Опа, маошим бу гал сал камроқ чиққанга ўхшаяпти-я, шунга бошқатдан хисоблатгани келудим, - деди у қимтинибгина.

- Бажонидил, ўзингиз билан биргаликда ҳисоблай қоламиз.

Зуҳрахон тезда қайта хисоб-китоб қилиб кўрди. Янглишмабди. Солиққа ҳам тўғри тортилибди.

Ҳамшира қизнинг кўнгли ўрнига тушди.

- Узр, опажон, вақтингизни олдим. Ўзимда сал тушунмовчилик бўпти-да.

- Ҳечқиси йўқ синглим, кўнгил ҳотиржамлигига нима етсин. Қачон ишингиз тушса, бемалол келаверинг, ахир сизларга хизмат қиламизку!

- Айтганча синглим коммунал тўловларни, ер ва мулк солиғини тўлаш ҳам ёдингиздан чиқмасин-а. Бўлимингиздагиларга ҳам эслатиб қўйинг. Уларни кечиктирмай тўласак, ўзимиз ҳам маошимизни ўз вақтида оламиз.

Бундай ҳолатлар Зуҳрахоннинг иш фаолиятида тез-тез учраб туради. Гоҳи шифокорлар, гоҳи ҳамширалар, гоҳи кичик тиббиёт ходимлари. Уларга ҳеч муболағасиз, беминнат хизмат кўрсатади. Саломатлик посбонларига хизмат қилишдан асло чарчамайди. Чунки ўзи ҳам заҳматли касб эгаларининг фарзанди-да. Падари бузрукворию, волидаю муҳтарамаси ҳам тиббиёт ходимлари бўлишган.

З. Шербоева 1972 йилда Тошбулоқ шаҳарчасида дунёга келган. Беш нафар фарзанднинг иккинчиси. Отаси - Маҳмуджон ака туман тиббиёт бирлашмасида фтизофельдшер бўлиб, онаси - Холпошша опа марказий шифохонанинг гинекология бўлими ҳамширалигида фаолият юритганлар. Ҳозир икковлариям нафақада.

Унинг бухгалтерия соҳасига қадам қўйишга турмуш ўртоғи Толибжон аканинг рағбати сабаб бўлган. Тошкент молия институтини тугатиб, иқтисодчи бўлиб ишлаётган турмуш ўртоғи Зуҳрахонга Наманган бухгалтерлар тайёрлаш курсида ўқишни тавсия этади. 1991 йилда курсни тугаллаган Зуҳрахон ота-онаси ишлаётган шифохонага келади. Шу куни унга яна бир катта омад кулиб боқади. Тиббиёт бирлашмасининг ўша пайтдаги бош врачи Мирзараҳмат Холмирзаев уни марказий шифохонанинг ҳисобчилигига қабул қилади.

Мана, у қарийб 28 йилдирки севимли муассасасида. Албатта, ҳар касбнинг ўз масъулияти, машаққатлари бор. Ҳисоб-китоб ишларида айниқса ўзига жуда талабчан, синчков, зукко ва ўткир зеҳнли бўлиши лозим. Зуҳрахонда ана шундай хислатлар мужассам. У ҳисоб-китоб ишларини устозлари Раҳимахон Эгамова, Раҳимжон Эргашев, Сардора Умарова ва Маҳмуда Раҳмоновалардан астойдил, қунт билан ўрганди.

- Зуҳра Шербоева, соҳанинг билимдони, ҳалол ва фаол аёл, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Равшанжон Турғунов. - Ҳамиша тартибли. Кўп йиллик иш тажрибасига эга. Катталарга доимо ҳурматда, ёшларнинг энг яқин маслакдоши.

Замондошимиз нафақат жамоада, балки оила аталмуш мустаҳкам қўрғонда ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга. У севимли уй бекаси, севимли ёр, севимли она. Ишидан ортиб, қайнота ва қайнонасининг хизматларига камарбаста. Доимо дуоларига сазовор. Умр йўлдоши Толибжон ака билан тўрт ўғилни тар­биялаб, вояга етказиб эл қаторига қўшиш­япти

- Гарчанд шифокор бўлмасамда, ушбу шарафли касб соҳиблари билан бир сафда фаолият юритиш насиб этганидан жуда-жуда фахрланаман, - дейди Зуҳрахон Шербоева мамнун оҳангда.

Манзура ЭРГАШЕВА.