Элимизнинг суюкли айёми - Наврўзи олам шодиёналарида вилоятимиз тиббиёт ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар. Улар шаҳар ва қишлоқларимизда кечган байрам тадбирларида қатнашибгина қолмасдан, қутлуғ айём завқу шавқидан диллари қувончга тўлиб юрган минглаб ҳамюртларимизга малакали тиббий хизмат ҳам кўрсатдилар.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган ажиб тароватли Наврўз сайлини юксак даражада ташкил этилишига саломатлик посбонлари ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшдилар. Бинобарин, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси жамоаларининг интилишларию изланишлари самараси ўлароқ белгиланган ҳудудлардаги фусункор манзаралар, жозибали кўргазмалар, халқимизнинг асрдан асрга ўтиб келаётган, бетакрор анъаналарини ўзида мужассам этган саҳнавий чиқишлар, ижро этилган лапару яллалар бири бири билан уйғунлашиб кетганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Саломатлик - туман бойлик. Байрам тадбирлари чоғида шифокору ҳамширалар қатнашчилар саломатлигини муҳофаза қилишга оид фаолиятни олиб борганликлари эса ўзига хос янгилик бўлди. Минглаб одамларни бағрига олган боғнинг турли бурчакларида "тиббий хизмат постлари" кун бўйи ишлаб турди.
Наврўз - меҳр-оқибат, саховат байрамидир. Ўша кунлари кўплаб кўнгилочар ва меҳр-мурувват амаллари ўтказилиб, кам таъминланган оила фарзандларига алоҳида этибор кўрсатилди. Кексалар эса иззат-икром, меҳр қуршовида бўлдилар. Бошқарма ҳузуридаги автокорхонада кечган Наврўз шодиёнаси ҳам кўпчиликнинг ёдида қолди. Дошқозонда ош дамланди. Фаоллиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 20 нафар ходимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари топширилди. 40 нафар нафақа ёшига етган фахрийларга совғалар улашилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.