ёхуд болаликка қайтиш

Донишмандлардан бирининг: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китоблардан бир умрга миннатдорман" иқрори бежиз эмас. Ҳеч ким, ҳеч қачон китобларсиз чинакам камолга етолмайди. Ахир китобларни болаликдан дўст тутадилар, уларнинг қатма-қат варақларига жо этилган билимларни, ҳаётий ҳақиқатларни, инсонийлик сабоқларини онгу тафаккурларига кўчирадилар. Қалблари эзгу туйғуларга тўлиб-тошади. Орзу интилишлари бардавому барқарор инсонга айланишади.

Атрофимизга боқсак, юқори мартабали, баланд обрў-эътиборли одамлар шак-шубҳасиз китобхон бўлишади. Ўқиганлари завқини бошқалар билан баҳам кўришга одатланишади. Бундай ибратли хислатлар вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовда ҳам тўла мужассам эканига Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактабига бирга ташриф буюрган чоғимизда ажабтовур ҳолатда шоҳид бўлдик.

Ўқув муассаса раҳбари Адҳамжон Тўраев бу ерда шу куни вилоят маънавиятчиларининг муҳим мавзудаги семинари ташкилланаётган бир пайтда собиқ ўқувчи ҳам даста-даста китоблар билан келаётгани дарагини эшитиб, ғоят фахрланиб кетди. "Солижон Жалилович болалиги кечган илм даргоҳининг энг садоқатли ўқувчиси" дея эътироф қилди. Бу эътирофда ўзига хос мамнуниятлик ифодасини сездик.

Ниҳоят халққа таниқли сенатор, эл хизматида кечаю-кундуз тинмайдиган оқ халатли нажоткорларнинг ташкилотчи ва ташаббускор раҳбари қадрдон гўшанинг ҳовлиси остонасини ҳатлаб кириб келди. Бу гал фақат ўзи эмас, ёнидаги ёрдамчилари - бир талай янги китобларни кўтаришиб олганлар ҳамроҳлигида.

Директор ҳовлидаёқ тақдимот тадбирини бошлаб юборишга имконият туғдирди. Бир хил ҳарбий ки­йимдаги гуруҳ ичкаридан сафланиб чиқар экан, улар домланинг ишорасига биноан меҳмонга юзланишди. Салом-аликдан сўнг Солижон Мўминов китобхонликнинг тобора давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бораётганини, бу борада Президентимиз томонидан раҳбардан тортиб, оддий аҳолигача китобга меҳр қў­йиши - нурли келажагимизнинг, баркамол авлодларни вояга етказишимизнинг муҳим пойдевори эканлиги бот-бот таъкидланаётганини болаларга уқтирди. Ке­йин эса янги, сара китоблар жамланмасидан иборат сов­ғасини мактаб директорига тантанали топширди. Ҳар бир ўғил-қизни бу асарларни кутубхонадан олиб ўқишга чорлади.

Мактаб ичида ғоят мароқли кечган тақдимот маросими мезбонлар учун ҳам, меҳмон учун ҳам ўзига хос ҳаяжонли ва унутилмас таассуротларга бой бўлди, десак асло муболаға эмас. Парталарда нигоҳини собиқ ўқувчига тиккан, қалби ширин орзуларга лиммо-лим ўсмирлар кўз ўнгида хаёлан ўзларининг келажакдаги камолоти намоёнланган бўлса ажаб эмас. Негаки, Солижон Мўминов синфга кирган лаҳзадаёқ гўё болалигига қайтди.

- Худди мана шу жойда олдинги партада ўтириб, устозларимдан сабоқ олгандим, - деди у меҳрли кўзлари порлаб. - Маликахон оямиз "Ким бўлсам экан?" мавзуини доскага ёзиб, биздан иншо ёзишни кутганлари ҳали ҳануз ёдимдан кўтарилмайди. Ўшанда бу саволга: "Мен халқимнинг соғлиғини кўз қорачиғидай асровчи шифокор бўлмоқчиман" жавобини ифодаловчи орзуларим оғушида кўнглимдаги эзгу ниятларимни баён қилган эдим. Эртаси куни иншоларимизнинг таҳлили янада қизиқарли ўтганди.

Собиқ ўқувчи ўз навбатида билим берган устозларидан миннатдорлигини изҳорлади. Эришган барча муваффақиятига уларнинг таълим-тарбиялари билан бирга кутубхонадаги китоб­лардан олган сабоқлари сабабчилигини айтиб, шо­гирд­лик иззат-эҳтиромини изҳорлади.

- Бугунги учрашув бизларга олам-олам таассуротлар бермоқда, - деди юқори синф ўқувчиси Хожалхон Мансурова. - Мактабда муттасил аъло баҳоларга ўқиб, "Олтин медаль" соҳиби бўлиб, сўнг тиббиёт институтини ҳам имтиёзли равишда битирганингизни эшитиб, ҳавасимиз ортди. Қанийди, сиз каби бўла олсак. Айтингчи, болалигингизда энг севган китобингиз қайси эди?

- Кечагидек ёдимда, ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб" асарини бош кўтармай, ҳаяжон билан ўқиганларим. Ҳошимжон тимсолидаги қизиқишу интилишлар кўнглимда ҳадсиз орзуларни уйғотиб, эзгу ниятларимга етиш учун гўё кучимга-куч, ғайратимга ғайрат қўшиб юборган эди...

- Сиз қандай китобларни ёқтирасиз, қайси асарларни мутолаа қилишни бизларга тавсия этасиз? - дея мурожаат қилди Малоҳат Парпибоева.

- Очиғини айтсам, Марсель Брионнинг "Менким, Соҳибқирон - жаҳонгир Темур" китобини ўқиганимда ғоят таъсирланганман. Бобомизнинг мардлигию, адолатпарварлигига қойил қолганман. Шунданми, беихтиёр янги туғилган набираларимдан бирининг исмини Темур атаганман. Ўшанда турмуш ўртоғим Муҳтарамхон сал таажжубга тушганини сезиб қолдим-да, ўзим ёқтирган китобимни унинг қўлига тут­қаздим.

Қизиқиб ўқиб чиққач: "Дадаси, Темур исмини танлаб жуда-жуда тўғри қилган экансиз" деб ҳайратини яширолмаганидан беҳад қувондим. Китоб - одамларнинг ўзини ва фикрлашини ўзгартириб юборадиган сеҳрли кучга эга. Сизлар ҳам замонавий асарлар билан бирга тарихий китоб­ларни ўқишгаям вақтингизни ҳеч қизғонманг. Аждодларингизни қанча яхши билсангиз, уларга муносиб авлод бўлишга интилишингиз шунча кучайишига ишончим комил. Шунинг учун мумтоз ва замонавий шоир ва ёзувчиларнинг сара асарларини мактабимга туҳфалаётганимдан ўзимни чинакам бахтиёр ҳисоблайман.

Янги китоблар столлар устига ёйиб қўйилди. Навоий, Бобур, Машраб, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқаларнинг турли жанрлардаги асарлари жамланган, ранго-ранг, нигоҳтортар муқовалари кўзни қамаштирадиган юзга яқин китоблар ўқувчиларга совға қилинди. Мактаб кутубхонаси бойлигига бойлик қўшилди.

Сенаторнинг босиб ўтган умр йўли болаларга жонли ўрнак ролини ўйнади. Уларда китобхонликни кундалик машғулотга айлантириш истаги уйғонгани шубҳасиз.

Дарҳақиқат, китобхон инсон доим улуғ мартабали бўлади, элига суюк бўлади. Жамият ҳаётида фаол бўлади. Халқимизнинг "Билаги кучли бирни енгса, билими кучли мингни" деган нақли шундан.

Қизғин суҳбатлар мактаб мажлислар залида кечган "Жаҳолатга қарши фақат маърифат!" мавзуидаги амалий анжуман чоғида давом этди. Солижон Мўминов тадбирдаги нутқида ҳам ёшларда Ватанимиз тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини уйғотиш, баркамол ва соғлом авлодни вояга етказишда жамоатчиликнинг ролини кучайтириш юзасидан тавсиялар берар экан, биринчи нав­батда китобхонлик маданиятини юксалтириш, йигит ва қизларнинг китоб мутолаасига бўлган иштиёқларини ошириш зарурлигига эътиборни қаратди.

- Қадрдон ўқув масканимга келиб, ўзимни яна бир бор ўқувчилар сафида ҳис қилдим, - дейди у кўнглини энтиктирувчи хотиралар чул­ғаб. - Айниқса, шаҳардаги 80 дан зиёд мактаб ичидаги рейтингда 5-ўринга кўтарилганидан наинки қувон­дим, шу билан бирга ғурурландим ҳам. Билимдон ва тажрибали педагоглар жамоасига янгидан-янги муваффақиятлар тиладим. Энг муҳими, кечагина биз ўқиган даргоҳда бугун набираларимиз ишончли қўлларда камолат касб этаётганидан кўнглим тўлди.

Биз сенаторнинг совға топшириш онларидаги болаларга айтган қуйидаги сўзларини айниқса диққатга сазоворлиги учун уларни алоҳида такрорлашни лозим топдик:

- Мактабим ўқувчилари, Сизларнинг, аввало, қўлларингиздаги дарсликларни қайта-қайта ўқибгина қолмай, улардаги билимларни чуқур ўрганишларингизни истардим. Бадиий асарлар маънавий камолотингизга қанот бағишлашини ҳеч қачон унутманг. Ҳар бирингиз ўзингиз қизиққан касбларга доир китобларни ҳозирдан топиб ўқисангиз, орзуларингиз тезроқ ва осонроқ ушалиши учун эртароқ пухта замин яратишга эриша оласиз.

Истиқлолли юртнинг истиқболли эгалари сенаторнинг ҳаётий ҳақиқатларга йўғрилган тилакларини тинг­лаб, китобларга меҳрлари янада кучайгани шубҳасиз.

Содиқ САЙҲУН.