Мамлакатимизда ўтказилган навбатдаги соғ­ломлаштириш тадбирида наманганликлар ҳам фаол иштирок этдилар. Вилоятнинг барча туманларидаги ўйингоҳ ва хиёбонлар  соғлом турмуш тарзи тарғиботи марказига айланди. Бинобарин,  Наманган шаҳридаги Халқа­ро аэропорт йўли эрталабданоқ минглаб велоспорт иштиёқмандлари билан гавжум эди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатнашчилар велосипедлари билан саф тортишди. Улар орасида соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим ходимлари, жамоат ташкилотлари ва ёшлар вакиллари кўпчиликни ташкил этди.

 

Тадбирни вилоят жисмоний тарбия ва спорт  бош­қармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев кириш сўзи билан очди.  Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолликни оширишда оммага ибрат намунасини кўрсатаётган фидойи инсонларга миннатдорчилик билдирди. Тўрт ҳафтадан бери ҳар шанба куни ўтказиб келинаётган турли спорт ва саломатликка ундовчи тадбирларнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади. Велосипедда сайр ҳам инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил эканлигига эътиборни қаратди.

 

- Ёши улуғ кишилар бардамлиги ва тетиклигини таъминлашда велоспортнинг аҳамияти катта, - дейди "Нуроний" жамғармаси қошидаги спорт тўгараги  аъзоси Аббосхон ота Насриддинов. - Узоқ умр кўраман, соғлом ва бақувват бўламан деган отахон ва онахонларимиз велосипедда сайр қилишни мунтазам йўлга қўйишлари лозим.

 

Қизиқарли оммавий тадбир босқичма-бос­қич амалга оширилди. Дастлаб кекса авлод вакиллари йўлга чиқишди. Кейин эса аёл велосипедчилар ўз маҳоратларини кўрсатишди. Эркаклар мусобақаси иштирокчилари айниқса кўп сонли бўлганлиги учун маррани эгаллаш сари интилиш жараёни шитобли кечди. Вилоятимиз велоспортчилар жамоаси ҳакамлик вазифасини бажариб беришди.

 

- Болалигимдан велосипед бошқараман, соғ­лом ва тетик ҳаёт кечиришда бу машғулот жуда ҳам фойдали, - дейди Наманган шаҳар болалар шифохонаси кичик тиббий ходими Хуршида Дўлматова. - Бугун ҳамкасбларим билан сайрда қатнашиб, аёллар ҳам велосипед воситасида ўз саломатликларини тиклашлари мумкинлини амалда кўсатдик.

 

"Велосипедда сайр куни"  хилма-хил кўнгил­очар тадбирларни ҳам қамраб олди. Айниқса, "Саломатлик майдончалари" ва "Соғлом овқатланиш ярмаркалари"даги кўргазмалар, мутахассислар томонидан олиб борилган "Соғлом турмуш тарзи асослари" ва "Жисмоний фаолликнинг инсон организмига таъсири" мавзуларидаги суҳбатлар қатнашчию томошабинлар эътиборини тортди.

 

Тадбир ниҳоясида энг фаол кекса иштирокчилар, энг ёш қатнашчилар, эркаклар ва аёллар ўртасида жонбозлик кўрсатган велосипедчилар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг дипломлари ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўз мухбиримиз.