Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси Россия Федерацияси Миллий тиббий палатаси билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида икки томонлама манфаатли келишувга эришишди.
Яқинда мамлакатимиз делегацияси Москва шаҳрига бориб келди. Ташриф доирасида ҳар икки юртнинг соҳа бўйича Миллий палаталари раҳбарлари Равшан Изамов билан Леонид Рошаль учрашув чоғида муҳим масалалар юзасидан кенгашиб олишди. Жумладан, фуқароларни мажбурий миллий суғурталашга алоҳида эътибор қаратишди. Айниқса, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда тиббиёт билан боғлиқ ҳодисаларни тадқиқ қилиш учун тўлақонли шароит яратиш борасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатишнинг аҳамияти катталиги алоҳида таъкидланди.
Ташриф чоғида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор мутахассислари иштирокидаги музокараларга тиббий таълим, тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва аккредитациядан ўтказишда ўзаро тажрибалар алмашинадиган бўлди.
Ўзбекистонликлар Москвадаги 1-клиник шифохонага ҳам таклиф этилдилар. У ерда креногипертоник терапияда (ишемик инсультда) қўлланувчи ишланма жиҳоз билан танишишди. Мутахассисларнинг изоҳича, мазкур қурилмадан фойдаланишда инсультга чалинган беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони 30 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Музокаралар давомида шу аппаратни Тошкентдаги тиббий марказлардан бирида синовдан ўтказишга, "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими-2019" кўргазмасида намойиш қилиш учун намунавий аппаратни етказиб берилишига келишилди.
Бундан ташқари, Равшан Изамов бошчилигидаги делегация Американинг Россиядаги "GE-Medicinc" вакиллари билан ҳам учрашди. Ҳозирда ушбу компания томонидан Ўзбекистон учун махсус Дастур ишлаб чиқилган бўлиб, у аёлларда кўкрак бези саратони скрининги ва уни даволашга доир лойиҳа тайёрланган. Лойиҳага мувофиқ Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ долларигача инвестицион кредит тақдим этилиши кўзда тутилган. Натижада республикамиздаги онколог мутахассислар дастур асосида ўқитилади.
Айни пайтда Миллий палатанинг ташрифи якунлари бўйича Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш тузилмалари билан ҳамкорликка оид "Йўл харитаси" тайёрланмоқда.
Яна бир муҳим янгилик. Яқинда Миллий палатамиз раҳбари Равшан Изамов Ўзбекистон делегацияси таркибида "Medical Korea-2019" форумида қатнашди. Форумнинг ўзига хослиги шундаки, у жуда кенг кўламли тадбир бўлиб, мамлакат тиббиёти ва тиббиёт туризми ривожи йўлида катта имкониятлар тақдим этади. Муҳими, форум якунига кўра, кореяликлар истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун тез орада ватанимизга ташриф буюришади.
Ирода МУСАЕВА,
Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий
палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси директории