Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Врачлар Ассоциацияси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган илмий-амалий анжуман ана шундай номланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги НТТларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосидаги "Ҳомиладорлик маданияти" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди.
Шундан сўнг лойиҳа раҳбари, Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти профессори Эркин Турсунов "Ҳомиладорликнинг илк даври хусусиятлари, ҳомилани сақлаш йўллари ва кўкрак аъзоларининг шаклланиши", Тошкент шаҳар 9-сонли туғруқхона акушер-гинекологи, доцент Бекмурат Саидқориев "Эрта ҳомиладорликда ҳомиланинг ўсишдан тўхташ сабаблари ва ҳомиладорликда қалтис даврлар", Тошкент давлат стоматология институти акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Маҳмуда Каттахўжаева "Ҳомиладор аёлнинг овқатланиш тартиби", Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти магистранти Сабина Минзагитова эса "Ҳомиладорлик ва экология" мавзуларида чиқиш қилдилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова вилоятда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Илмий-амалий анжуман якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.