Вилоят маданият марказида хусусий тиббий ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгаришлар тарғиботи бўйича семинар ҳамда тиббий асбоб-ускуна, жиҳоз, буюм ва мебеллар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси С. Мўминов очди ва олиб борди. У Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Ф. Раҳимқулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида кўзда тутилган вазифалар ҳақида гапирди.
Семинарда вилоятимиз тиббиёт муассасаларини турли хилдаги замонавий тиббий анжомлар билан таъминлашда фаоллик кўрсатиб келаётган "Экспресс медиа" МЧЖ раҳбари Темур Бессмертний маҳсулотлари кўргазмага қўйилган таъминотчи корхоналар хусусидаги маълумот билан таништирди. "Листем корпорация"си етакчиси Чанг Хо Мун Фарғона шаҳрида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган тиббий маҳсулотлар сифати ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш билан боғлиқ ишлар тўғрисида гапирди.
Тадбир давомида соғлиқни сақлаш муассаларига тиббий асбоб-анжомлар ҳамда замонавий техник ускуналар етказиб берувчи корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси ташкилланди.
М. АКМАЛОВ.