Душанба куни республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари ва малакали мутахассислари вилоятдаги йирик тиббиёт марказлари шифокорлари билан ҳамкорликда ишга киришдилар. Тиббий тадбир Поп туманида бошланди.
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳовлисида саломатлик ҳафталигининг ташкил этилиши муносабати билан маросим бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳидоят Тошматова, Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Саид Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар мамлакатимизда истиқлол йилларида халқ бахту саодати йўлида амалга оширилган эзгу ишлар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликлар ҳақида гапирдилар.
-Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилга "Кексаларни эъзозлаш йили" деб ном берилганидан ғоят мамнун бўлгандик. Бугун туманимизга пойтахтимиздан ва вилоятимиз марказидан таниқли шифокорлар келишиб, бизнинг саломатлигимизни текширишаётганидан бошимиз осмонга етди. Қайси давлатда фахрийларга шу қадар эҳтиром ва эътибор кўрсатилади? Фақат бизнинг мамлакатимизда,-деди 91 ёшли Раимбой ота Эшматов.
Тиббий кўрикни кенг қамровли ва сифатли ўтказилиши учун олдиндан ҳозирлик кўриб қўйилганди. Бинобарин муассасада алоҳида жойлар ажратилган. Улар зарур тиббий асбоб-ускуналар, замонавий ультратовуш текшируви ва ЭКГ аппаратлари билан жиҳозланганди. Шу боис ҳам отахонлар ва онахонлар соғлиғини текширишда юқори самарадорликка эришилди.
- Ҳозиргина кардиолог ҳузуридан чиқдим. Саломатлигим жойида экан. Биз қарияларни қадрлаш мақсадида уюштирилган тиббий кўрик ташкилотчиларига раҳмат. Кам бўлишмасин, - дейди Чиғаноқ қишлоғидан келган меҳнат фронти фахрийси Юнусали ота Хўжамурадов.
Баъзи фахрийлар ётиб қолганликлари учун поликлиникага кела олишмади. Шифокорлар азиз инсонларнинг уйларига боришди. Жумладан бир гуруҳ мутахассислар Поп шаҳрида истиқомат қилувчи 94 ёшли Абдумалик ота Эргашев билан Маҳбуба ая Ботировалар яшайдиган хонадонда бўлишди. Қарияларнинг қон босимлари ўлчанди ва бошқа тиббий текширувлар амалга оширилди. Уларга тегишли тавсиялар берилди.
- Турмуш ўртоғим билан оила қурганимизга 70 йил бўлди. Бизнинг соғлиғимиз ҳақида ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбаридан ғоят миннатдормиз. Доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, - дейди онахон.
Бундай дил изҳорларини меҳнат фахрийси Меҳрихон ая Жўраева каби кўплаб табаррук инсонлардан ҳам эшитдик.
- Саломатлик ҳафталигида юқори малакали кардиолог, травматолог, терапевт, офтальмолог каби қатор мутахассислар тиббий хизмат кўрсатишди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Фурқатжон Раҳматов. - 3400 нафардан зиёд фуқароларнинг саломатлигини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлинди. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилади. Икки юз нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторий-курортларда соғломлаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Эл соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, ёши улуғларимизнинг умрини янада узайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, савобли ишлар юртдошларимизни беҳад қувонтирди.
Суратларда: тиббий кўрик жараёнидан лавҳалар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.