Вилоятимизда Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида берилган вазифалар ижросига изчил киришилган. Бинобарин, барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз  жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фикримиз далилидир.

16 март куни Наманган шаҳри ва барча туманлар марказларида ўтказилган оммавий юриш марафони юксак даражада ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳудудлардан олинган хабарларда қайд этилишича,  вилоятнинг ўйингоҳлари, дам олиш масканлари, кўча ва ҳиёбонлари марафон иштирокчилари билан гавжум бўлди. Тошбулоқ шаҳарчасидаги стадионда, Янгиқўрғон ва Минг­булоқ туманларида бўлиб ўтган акциялар пайтида зўр уюшқоқлик таъминланди.

"Ёшлик" ўйингоҳида кечган марафонда минглаб тўрақўрғонликлар  фаоллик кўрсатишди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Равшаной Ражабова. - Болалар спорт мактаби тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари, "Саломатлик майдончаси", "Соғлом овқатланиш ярмаркаси"даги тарғибот тадбирлари ва шифокорлар томонидан олиб борилган "Соғлом турмуш асослари", "Жисмоний фаолликнинг организмга таъсири" мавзуларидаги суҳбатлар оммавий юриш қатнашчилари эътиборини тортди.

Биргина Наманган шаҳридаги Халқаро аэропорт йўлига 10 минг нафардан зиёд қатнашчилар йиғилди. Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун фуқароларнинг жисмоний фаоллигини оширишга алоҳида урғу берилаётганлигини таъкидлади. Одамларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш самарадорлигини оширишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта эканлиги, бунда ёшу қарининг баҳоли қудрат майдонга чиқиши эса оммага ўрнак бўлишини эътироф этди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бош­қармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев марафоннинг ўтказиш тартиблари билан таништирди. Шундан сўнг юришга старт берилди. Марафон қатнашчилари белгиланган масофани тезроқ босиб ўтиш учун интилдилар.

- Мутахассислар фикрига кўра, оддий юриш  юрак қон-томир касалликлари хавфини 31 фоизга ва ўлим хавфини 32 фоизга қисқартиради. Юриш кўкрак бези саратони ва икки турдаги қандли диабет касаллигига чалинишни камайтиради. Бундан ташқари, суяк ва мушакларни мустаҳкамлайди, артериал босимни, қонда холестерин миқдорини тушишига сабаб бўлади, уйқуни яхшилайди, - дейди Наманган шаҳридаги 7-оила поликлиникаси мудири Мас­тура Абдусолиева.

Шуниси аҳамиятлики, тадбирга  етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳамюртларимиз ташриф буюрган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хотин-қизлар эди.  3 километр ва ундан ортиқ масофаларга пиёда юрилди. Нуронийлар олдинги сафда боришган бўлса,  уларга навқирон авлод вакиллари эргашишди.

- Ёшим етмиш бешда, - дейди Аҳмаджон ота Маллабоев. - Ҳали ҳам эгнимда спорт либослари. Ўз намунамиз билан ёшларга ўрнак кўрсатиш мақсадида бу ерга келдик.

- Оммавий юриш марафонида қа­ри­йб 80 минг нафарга яқин жамоат ташкилотлари, тиббиёт, халқ таълими, касб ҳунар таълими ва ёшлар вакиллари фаол иштирок этдилар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. - Тадбирнинг ташкил этилишидан асосий мақсад одамларнинг жисмоний фаолликка ундаш орқали юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилишдан иборат.

Марафон ниҳоясида энг фаол қатнашчилар ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Энди келгуси шанба - 23 март куни  "Қувноқ стартлар" мусобақаси ўтказилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.