Ҳаракат - ҳаётимизни асоси ҳисобланади. Агар у мақсадли, тартибли ва мунтазам амалга оширилса, соғлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янгиқўрғонда ўтказилган эрталабки юриш марафони етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганларни қамраб олгани ҳам бежиз эмас.

Туман марказидаги кенг ва равон кўчанинг боши субҳидамдан каттаю-кичик билан гавжумлашди. Уларнинг салкам уч юз нафари тиббиёт ходимлари эдилар. Шунингдек, юз-юзлаб кишилар халқ таълими, мактабгача таълими муассасаларидан, касб-ҳунар коллежларидан ва маҳаллалардан келиб сафга қўшилишди.

- Бугун соғлом турмуш тарзи тамойилининг муҳим йўналиши ҳисобланган жисмоний фаолликнинг оммавийлигига эришиш кўриги, - дея таъкидлади мамнуният билан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жакбарали Қурбонов. - Эрталабки пиёда юриш узоқ умр кўришга олиб боради. Чунки маълум масофада танани зўриқтирмасдан бир меъёрда юриш одамга тетиклик бағишлайди, кун давомида самарали фаолиятга ёрдамлашади. Марафонимиз барчани жисмоний фаолликка ундайди.

Шундан сўнг йиғилганлар ёнма-ён, кетма-кет сафланишиб бир меъёрда юришни бошлашди. Қарийб икки минг метрли масофани кўтаринки кайфиятда босиб ўтишди. Диққатимизни тортган ҳолат ёши улуғлар қаторида ҳатто болаларнинг тургани бўлдики, бу марафоннинг ибратли жиҳати борлигидан далолат эди. Яъни... Келинг, яхшиси изоҳни 6 ёшли Жасурбекдан эшитайлик.

"Сен нима қилиб юрибсан, марафонда?" - деган саволимизга у:

- Тонгданоқ бобом спорт кийимларини кияётганликларини кўриб, мен ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилдим. Етаклашиб марафонга келдик, - дея қувониб жавоб, берди.

- Жисмоний тарбия - баркамолликка элтувчи куч, - деди кекса шифокор Ҳусанбой Ўринов. - Шунинг учун фарзанду набираларимизга, аввало, ўзимиз ўрнак бўлганимизга нима етсин.

- Юриш марафони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижроси доирасидаги тадбирлар сирасига киради, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси мутахассиси ва вакили Ҳошимжон Асқаров. - Биз тиббиётчилар ташаббусимиз ва ташкилотчилигимиз билан бош­қа соҳа ходимларини ҳам ўзимизга ёндош ва қадамдан бўлишга эришдик. Бундай тадбирлар халқимиз соғлигини сақлашнинг муҳим омилига айланиб бориши керак. Шу боис, соғлом турмуш тадбирлари ҳар шанба давомли бўлиб қолади.

Марафонга пухта тайёргарлик билан келингани унинг қатнашчилари қўлларига соғлом турмуш тарзига чорловчи шиорлар кўтариб олишганида янада яққол кўринди. Катта кўча ёқасида эса "Саломатлик майдончаси", "Соғлом овқатланиш ярмаркаси" кўзга ташланиб турди. Қатнашчиларга тиббий мавзудаги турли профилактик тарғибот буклетлари тар­қатилди. Фаолларга касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари улашилди.

Худди шундай марафон чекка ҳудудлар - Нанай, Заркент ва Поромон қишлоқларида ҳам юксак уюшқоқлик билан ўтказилди.

Содиқ САЙҲУН.