24 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СИЛГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ
Истиқлол йилларида силга қарши кураш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Фтизиатрия хизматига эътибор кучайтирилди. Бироқ амалга оширилаётган тадбирлар замон талаблари даражасига тўла-тўкис кўтарилди дейишга ҳали эрта.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 13 февралида "Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Қарор қабул қилди. Унда кўзда тутилган мақсад фтизиатрия ва пульмонология хизматини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатда барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда тизимдаги муассасаларнинг ресурс салоҳиятини мустаҳкамлашдир.
Диспансеримизда ҳозиргача 7 та бўлим ишлаб келмоқда. Улар фаол туберкулёзлар, жарроҳлик, урогеникология, сурункали сил хасталиклари, болалар бўлимлари ва поликлиникадан иборат. Жорий йилдан мазкур қарорга мувофиқ вилоят силга қарши кураш диспансери вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказига айлантирилмоқда. Янги диагностика ва пульмонология бўлимлари очилади. Яна ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда реанимация бўлими ҳам ташкилланади.
Ҳозиргача туман поликлиникаларида пульмонология бўлимлари бўлмаган эди. Энди ҳар бир туман ва шаҳар поликлиникаларида ана шундай йўналишдаги хоналар фаолияти йўлга қўйилади. Ҳеч бир касал эътибордан четда қолиб кетмайди.
Сил касалликларига қарши курашувчи муассасалар биноларини реконструкция қилишга давлат томонидан катта миқдорда пул-маблағлар ажратилмоқда. Жумладан, Мингбулоқ туманидаги 2-вилоят сил касалликлари диспансерида 5 миллиард сўмлик реконструкция ишлари режалаштирилган. Мазкур муассаса 2020 йилда тўла таъмирланиб, янгича қиёфа кашф этади. Ички шароитлари ҳам яхшиланади. Барча қулайликлар яратиб қўйилади.
Шунингдек, сил касалликларига ихтисослашган "Пахталикўл" ҳамда Парда Турсун санаторийлари 2021 йилгача мукаммал реконструкциядан чиқарилади. 20 миллиард пул-маблағ сарфланиб, янги жиҳозлару тиббий асбоб-аппаратларгача келтирилади.
Энди яна вилоят силга қарши кураш диспансерига қайтсак, бу ерга 2 та филюромобиль ва замонавий рентген аппарати олинади. Видеоторакоскоп, бронхоскопияга дахлдор тўлиқ жиҳозлар ўрнатилади. Ультра товуш, биокимёвий анализатор, спирометр, ЭКГ, наркоз аппаратларининг энг сўнгги русумдагилари, операцион столлар, пульсоксиметр, монитор ва бошқа пульмонологик ҳамда сил касалликлари диагностикаси-ю, муолажалари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналарига 2020-2021 йилларда эга бўламиз.
Наманган шаҳрининг Янгиобод маҳалласидаги вилоят силга чалинган болаларнинг реаблитацияси билан шуғулланувчи санаториямизнинг ташхислаш ва лаборатория ускуналари тубдан янгиланади.
Очиқ айтилганда, бизнинг соҳамизда кадрлар масаласи муаммоли эди. 2019-2020 ўқув йили Президентимиз қарорига кўра Тошкент тиббиёт академиясида, кейинчалик бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида "Фтизиатрия" ва "Пульмонология" мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат гранти асосида амалга оширилади.
Биз юқоридаги ғамхўрликларга жавобан ўз фаолиятимизни юксак талаблар даражасига кўтаришга астойдил ҳаракат қилаверамиз.
Шокиржон МАЮСУПОВ,
вилоят сил касалликларига қарши кураш
диспансерининг бош врачи.