Бугунги кунда аксарият юқумли касалликларга қарши курашиш борасида эришилган ютуқлар замирида иммунопрофилактика тадбирлари салмоқли ўрин тутади. Болаларни оммавий тарзда эмлаш юқумли касалликлар билан касалланишни ва болалар ўлимини сезиларли даражада камайтиради.

Ҳозирги кунга келиб жаҳонда 40 дан зиёд юқумли касалликларга нисбатан кураш иммунизация воситасида муваффақиятли тарз­да амалга оширилмоқда. Яқин келажакда соғлиқни сақлаш амалиётига қатор янги вакциналар киритиладики, уларни оммавий тусда қўллаш қўшимча равишда миллионлаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.

Юртимизда 16 ёшгача бўлган болалар Миллий эмлаш календари асосида 12 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликлар (дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, қизамиқ, эпидпаротит, қизилча, хиб инфекцияси, пневмококк, сил ва ротавирусли инфекция) га қарши бепул эмлаб келинмоқда. Бундан ташқари 2019 йилнинг ноябрь  ойидан бошлаб 9 ёшли, яъни 2010 йилда туғилган қизларни инсондаги папилома вирусига қарши вакцина  билан эмлаш режалаштирилган.

Ушбу касаллик бўйича умумий маълумот келтирадиган бўлсам: ОПВ  дунё бўйича энг кўп тар­қалган вируслардан ҳисобланади. Мазкур  вируснинг 190 хилдан ортиқ турлари мавжуд. Улардан 13 таси саратоннинг ривожланишига олиб келади. 16 ва 18-типлари  бачадон бўйни саратонини келтириб чиқаради.

БЖССТнинг маълумотига кўра ер юзининг 70 фоиз аҳолиси папилома вируси билан зарарланган. Касалликни ривожланишига албатта иммун тизимининг сусайиши, носоғлом турмуш тарзи ва бошқалар сабаб бўлади. Касалликни олдини олишнинг самарали усулларидан бири - бу хасталикка қарши эмлашдир.  Шу боис ҳам юртимизда 9 ёшли қизларни эмлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳозирда вилоятдаги барча УАШ, педиатр, иммунолог, вакцинаторлар иштирокида семинар машғулотлари олиб борилмоқда.

Шерзод  ЛАТИБЖОНОВ,

вилоят ДСЭНМ иммунопрофилактика бўлими мудири.