дейди суҳбатдошимиз - Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси

касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳноза КИМЁНАЗАРОВА.

 

Биз яхши биламизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган: "Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар". Шунинг учун ҳам ташкилот ўзига "Инсонга наф келтириш - олий бахт" шиорини дастуриламал қилиб олган. Чунончи, бизнинг бугунги мулоқотимизда ҳам шулар ҳақида фикр юритилади.

- Шаҳноза Муҳаммадназаровна, Сизнинг ташкилотингиз ўтган 2018 йилдаги фаоллиги туфайли яхши эътирофларга сазовор бўлди. Тармоқ касаба уюшмалари ўртасида ходимларига ғамхўрлик кўрсатишда юқори натижаларга эришди. Бунинг учун қандай тадбирларни амалга оширган эдиларинг?

- Аввало, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий мулоқот ва шерикчиликни изчил йўлга қўйдик. Ходимларимиз ўртасида маданий-маърифий ишларни фаол олиб бордик. Врачу ҳамшираларни жисмоний тарбияга эътиборларини кучайтирдик. Улар ўртасида спорт мусобақаларини уюштирдик. Соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва ташвиқоти таъсирчанлигини таъминладик. Ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғ­ломлаштириш чора-тадбирларини амалга оширдик.

Касаба уюшмамиз аъзолари 2404 нафарни ташкил этади. Улар бир неча даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритишади. Биз врачу ўрта тиббиёт ходимларимизга қулай иш шароитлари яратиш масаласини доимий диққат марказимизда тутаётганимиз учун Республикада "Энг яхши меҳнат муҳофазасига эришган касаба уюшма ташкилоти" деган юксак эътирофга муносиб топилдик. Бу эътирофнинг замирида - тиббиётчиларимизнинг иш шароитларини замон талаблари даражасига кўтариш учун қилинаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кўзга кўринарли самаралари ётибди, десам асло янглишмайман. Ҳозирда нафақат марказий шифохонаю, марказий поликлиникада, балки қишлоқ врачлик пунктлари биноларида барча қулайликлар муҳайё. Яхши шароитда яхши ишлашга тўла имконият яратилаётгани туфайли шифокорларимиз хизматидан шикоятлар тобора камайиб, миннатдорчиликлар кўпайиб бораётир. Муассасаларимизни сут-қатиқ билан таъминлай бошладик.

Энг муҳими, ташкилотимиз махсус шаходатга эга бўлганлиги боис, ўтган йили касаба уюшма тавсияси билан 12 нафар аёл ходимларимиз имтиёзли ёшда, яъни 50 ёшда нафақага чиқарилдилар. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга, ишда ногиронларга, уйида ногиронлари борларга иш вақтидан қисқартириш беришгача жорий қилишга эриш­япмиз.

- Биз кейинги пайтда ходимлар фаоллигини оширувчи кўрик-танловлар, мусобақалар ташкилланаётганидан, унинг ғолиблари касаба уюшмаси томонидан рағбатлантирилаётганидан бохабармиз. Айниқса, буларнинг режали ўтказилиб келинаётгани, тиббиётчилар фаоллигини ошираётгани маъқулу манзурлигини кўпчилик таъкидлаяпти.

- Тўғри айтасиз. Лекин касаба уюшмамиз бундай тадбирларнинг ташкилотчилари қаторида туради. Жамоат ташкилотлари, маъмурият билан мунтазам ва мустаҳкам ҳамкорликда иш юритамиз. Масалан, ТТБ бош ҳамшираси Равшаной Ражабова, хотин-қизлар қўмитаси раиси Фароғат Абдуллаева, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Лобархон Нажимовалар билан доимо биргаликда ва бамаслаҳат тадбирлар ўтказишни одатга айлантирганмиз. Яқинда "Балли, қизлар!" кўрик-танловини уюштирдик. Унда бирламчи тизимдаги ходимлар фаол қатнашишди. Ҳозирда яна янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Хотин-қизлар куни ва Наврўз айёмини тармоқ ишчи-хизматчилари эсда қоларли даражада тантанали нишонлашларига эришдик. Фахрий устозларимизга эса бундан буён ҳам муносиб эҳтиром кўрсатамиз. Ахир устозлар ибрати шогирдлар учун катта тарбия мактаби-ку!

- Жамоа шартномаси - фаолият дастурномаси ҳисобланади. Шундай экан, унинг барча бўлим ва бандларида белгиланган вазифаларни тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш масъулияти, аввало, Сизнинг зиммангизда.

- Биз "Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!" деган шиорни ҳам ҳеч вақт эсдан чиқармаймиз. Шу Ватаннинг юксалиши, шу халқнинг соғу саломат ва фаровон яшаши учун баҳоли қудрат ҳиссамизни қўшаверамиз. Туман тиббиёт бирлашмаси ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2018-2020 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шарт­номаси асосидаги ишларимиз ҳамиша давомли. Айниқса, бу йил ички туризмга бўлган эътиборимизни янада кучайтирамиз. Водийнинг хушманзара жойларини ва тарихий ёдгорликларини кўриш учун саё­ҳатлар уюштирамиз. Мамлакатимизнинг жаҳонга маълуму  машҳур кўҳна шаҳарлари - Самар­қанд, Бухоро ва Хивага жамоа -жамоа бўлиб боришнинг ташкилотчиси ва рағбатчиси бўламиз. 2018 йилда касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 208 нафар тиббиёт ходимларини сайру саёҳатга юборган эдик. 2019 йилда бу кўрсаткични икки бараварга кўпайтириш чора-тадбирларини белгилаганмиз. Шунингдек, ишловчиларни тиббиёт муассасаларида жисмоний тарбия ва спортга жалб этиб боряпмиз. Югуриш мусобақалари ва марафонларнинг фаолу илғорларини эсдалик сов­ғалари билан сийлайверамиз.

Яширишнинг хожати йўқ. Бу йил тармоқ касаба уюшмалари тизимида "Энг яхши касаба уюшма қўмитаси" номини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.