Наманган шаҳридаги 34-мактабнинг мажлислар залида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижроси юзасидан семинар ташкилланди. Ўқув-семинари йод танқислиги касалликларининг моҳияти, дастлабки аломатлари, уни эрта аниқлаш ҳамда профилактик чора-тадбирларга бағишланди.

Семинарни тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Раҳматулло Тўрахонов очди ва олиб борди. КТМП мудири Мушарраф Собирова Президент Қароридан келиб чиқадиган долзарб вазифалар ҳақида сўзлади.

Вилоят эндокринология диспансери мутахассис-шифокорлари Мусохон Ҳамидов, Фаррух Холматов, Наима Абдумажидовалар мавзу юзасидан маърузалар қилдилар. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига керакли жавоблар олишди.

Тадбир сўнггида шифокорлар ўқувчиларда тиббий кўрик ҳам ўтказишиб, аниқланган хасталик бўйича уларга зарур тавсиялар беришди.

Манзура ЭРГАШЕВА.