Суицидни содир этувчи ҳамма инсонлар ҳам руҳий беморлар эмас. Одатда депрессив ҳолатлар таъсиридаги шахсда ўз жонига қасд қилиш фикрлари туғилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Наманган шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 1-ўрта мактабда ўтказилган семинар шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди. Уни Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдулходи Иминов очар экан, нотиқ инсоннинг ўз жонига қасд қилишга уриниши, яъни руҳий тушкунлик касалликнинг энг оғир тури ҳисобланишини ва бундай ҳолатларни юзага келмаслиги учун ҳамкорликдаги тадбирларни изчил йўлга қўйиш самарали натижалар беришини алоҳида таъкидлади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров суицид профилактикаси бўйича тизимда амалга оширилаётган ишлар бўйича қисқача маълумот берди.

Сўнгра вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси мутахассиси, психиатр Ўткир Шарипов мавзу бўйича маъруза қилди. Шаҳар бош имом-хатиби Н.Аббосиддинов, шаҳар ХТБ психолог-услубчиси Н. Қамбарова ва бош­қаларнинг маърузалари ҳам эшитилди.

Семинар доирасида шаҳар ҳалқ таълими бўлимида "Ҳаёт гўзал" деб номланган акция ва 1-мактаб психологи фаолияти билан танишув ҳам бўлиб ўтди.

Манзура ЭРГАШЕВА.