Ўзбекистон Республикаси инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Crown Agents Limited компанияси (Буюк Британия) ўртасида тиббиёт секторида ҳамкорлик қилишга доир Англашув меморандуми имзоланди.

Миллий палата матбуот хизматининг хабар беришича, ҳужжат Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ва Crown Agents Limited компаниясининг Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Ольга Сильвестрова томонидан имзоланган. Меморандум Ўзбекистон-Британия кенгашининг савдо ва саноат бўйича 24-йиғилиши доирасида имзоланди.

Тадбир доирасида томонлар Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш секторида Британия компанияси технологиялари асосидаги учувчи лойиҳани амалга оширишга доир келишувга эришди.

Таъкидлаш жоизки, Crown Agents Буюк Британияда 1838 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Компа­ния­нинг блокчейн технологиясини қўлловчи рақамли платформаси товарлар, хусусан дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини истеъмолчигача етказиб бериш занжирини кузатиш имконини беради. Компания БАА ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида мазкур технологиялар қўлланувчи инновацион лойиҳани амалга оширган.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги туб ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, Crown Agents томонидан айни дамда бундай йўналишдаги лойиҳани Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилиши долзарб аҳамият касб этади.

Музаффар РАҲИМОВ,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси.