Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан жорий йил бошидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, бирламчи бўғин фаолиятининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланмиш патронаж ҳамширалари хизматини давр талаблари асосида такомиллаштиришнинг ноанъанавий усулларини қўллашга устувор аҳамият бериляпти.
Поп тумани "Маданият саройи"да бўлиб ўтган навбатдаги тадбир ҳам ғоят қизиқарли ва таъсирчан кечди. Унга туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамширалари таклиф этилди.
- Анжуманда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларни патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олишга оид фаолият талабларига урғу берилди,-дейди ТТБ бош ҳамшираси Азиза Мирзаниёзова. - Саккиз нафар патронаж ҳамшираси еттита индикатор стандартларига амал қилиш ва "Саломатлик мактаби" машғулотини олиб боришни амалда кўрсатиб беришди.
Кўрик-танлов тарзида ўтган анжуманни нуфузли ҳакамлар ҳайъати талабчанлик билан кузатиб борди. Касбдошлари орасида билими, заковати ва қобилияти билан эътибор қозонган "Яккатут" ҚВПдан Наргизахон Абдураҳмонова "Энг ҳушмуомала", "Гулистон" ҚВПдан Сурайё Маматова "Энг масъулиятли", 23-оилавий поликлиникадан Шириной Пирназарова "Энг жонкуяр", 21-оилавий поликлиникадан Гулсанамхон Эргашева "Энг билимдон", "Олтинкон" ҚВПдан Дилшодахон Боймирзаева "Энг меҳрибон", КТМПдан Намунахон Парпиева " Энг зукко", 22-оилавий поликлиникадан Феруза Абдусатторова "Томошабинлар олқишига сазовор", "Хўжаобод" ҚВПдан Комила Шарофиддинова "Энг намунали тарғиботчи" патронаж ҳамшираси деб топилиб, уларга бошқарманинг Дипломлари ва Щамширалар ассоциацияси вилоят бўлими ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг эсдалик совғалари тантанали вазиятда топширилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.